Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил Ғазода янги ҳарбий операцияни бошлади

Исроил қўшинлари Ғазо секторида «Гидеон жанговар аравалари» номини олган янги йирик ҳарбий операциянинг биринчи босқичини бошлади. Гап анклавнинг «стратегик ҳудудлари»ни назоратга олиш ҳақида кетмоқда.

Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, сўнгги 24 соат ичида армия «кенг кўламли ҳужумлар уюштирган ва Ғазо секторидаги стратегик ҳудудларни эгаллаш учун кучларни сафарбар қилган». Бу операциянинг дастлабки босқичи ва у “гаровга олинганларни озод қилиш ва ҲАМАС ҳаракатини йўқ қилиш учун» амалга оширилмоқда.

Исроил расмийлари оммавий ахборот воситаларига операция қуйидаги мақсадларни кўзлаганини билдирган. Хусусан, Исроил армиясининг Ғазони «забт этиши» ва ҳудуд устидан назоратни сақлаб туриши, Фаластин тинч аҳолисини жанубга кўчириш, ҲАМАС аъзоларига ҳужум қилиш, гуруҳнинг – ҳуманитар ёрдам таъминоти устидан назоратни қўлга киритишига йўл қўймаслик.

18 май куни бошланган, Исроил янги операция деб атаётган, Ғазо секторининг турли ҳудудларига уюштирилган оммавий ҳужумлар натижасида юзлаб ғазолик тинч аҳоли вафот этмоқда. Хусусан, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Anadolu агентлигига маълум қилишича, 18 майдаги ҳужумлар оқибатида 106 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Исроил қўшинлари Ғазога қарши интенсив ҳужумларни секторнинг шимолидаги Индонезия касалхонасини ўраб олиб, муассасага оғир артиллериядан ўқ узиш билан бошлади. Ғазо ССВ баёнотига кўра, ичкарида қолган 55 нафар беморлар ва тиббиёт ходимлари орасида кучли ваҳима ва тартибсизлик юзага келган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли халқаро ташкилотларни юз бераётган воқеалар бўйича зудлик билан чоралар кўришга чақирди.

Ҳамаснинг навбатдаги қўмондони ҳам ўлдирилди

Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган туннелдан ҲАМАС етакчиси Муҳаммад Синварнинг жасади топилди. У Исроил авиазарбаси оқибатида бир неча кун олдин ўлдирилган, деб хабар беради Al Arabiya ўз манбаларига таяниб.

Хон Юнусдаги Европа шифохонаси ҳудудидан Синвардан ташқари унинг 10 нафар ёрдамчисининг ҳам жасади топилган.

Исроил ҳарбийлари Хон Юнусдаги Европа шифохонасига 13 май куни авиарзарбаларни амалга оширган эди. ЦАҲАЛ хабарига кўра, шифохона остида ҲАМАСнинг қўмондонлик пункти бўлган.