Францияда бир неча ой ичида крипто-тадбиркорлар ва уларнинг қариндошларига қарши бир қатор ҳужумлар содир бўлди. Ҳужумларнинг мақсади ҳар сафар бир хил – пул эвазига ўғирлаш. Ва баъзи уринишлар муваффақиятли бўлди. Шунга ўхшаш воқеалар дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам содир бўлмоқда, аммо Францияда муаммо аллақачон ички ишлар вазирига етиб борган – ва у булар аҳён-аҳёнда учрайдиган ҳодисалар эмаслигини тасдиқлаган. Катта эҳтимол билан, крипто-бойларни овлайдиган қандайдир жиноий гуруҳ юзага келган, деб ёзади The Wall Street Journal.

16 май куни Франция ички ишлар вазири Брюно Ретайо криптовалюталар билан боғлиқ компаниялар раҳбарларини учрашувга таклиф қилди. Унда криптобизнесменларга қарши давомли ҳужумлар муҳокама қилинган.

Учрашувга Paymium криптовалюта биржасининг ҳаммуассиси ва бош директори Пиер Нуазнинг қизи ва набирасига қилинган ҳужум бевосита сабаб бўлган. Бу воқеа 13 май куни эрталаб Парижда содир бўлди. Номаълум шахслар икки ёшли қизи билан аёлни ўғирламоқчи бўлган, бироқ унинг турмуш ўртоғи ўткинчилар ёрдамида безорилардан қочишга муваффақ бўлган.

Ретайо бир неча ой ичида Францияда камида бешта шунга ўхшаш ҳужум содир бўлганини тасдиқлади. Шундай қилиб, январ ойида криптоҳамёнлар ишлаб чиқарувчи Ledger компанияси ҳаммуассиси Давид Баллан ва унинг рафиқаси ўғирлаб кетилган. Балланнинг ҳамкорларига 10 миллион евролик товон пули талаб қилинган бир нечта видео юборилган. Видеолардан бирида Балланнинг бармоғи кесиб ташлангани акс этган.

Полиция Баллан ушлаб турилган жойни топиб, уни озод этишга муваффақ бўлди. Ўғрилар тадбиркорнинг рафиқасни алоҳида жойда сақлашган. Эртаси куни уни пул эвазига озод қилишган. Балланнинг ҳамкорлари кейинчалик тўловнинг катта қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлишган.

Анча олдинроқ рўй берган воқеалар ҳам бор. 2023 йил август ойида Малтада яшовчи, YouTube ва Twitch’даги стримлари билан танилган франциялик профессионал покер ўйинчиси Киллиан Деснонинг отаси ўғирлаб кетилган. Деснога отасининг боғлаб қўйилгани ва бошига тўппонча тираб қўйилгани акс этган видео юборишган. Десно товон пули тўлаган ва отаси озод қилинишига эришган. Тез орада полиция гумонланувчиларни қўлга олди. WSJ манбасига кўра, улардан бири кейинчалик қамоқда бўлганида Балланни ўғирлашни ташкиллаштиришда иштирок этган.

Франция ички ишлар вазири бу ҳодисаларнинг барчаси бир-бири билан боғлиқлигини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ўғирлик буюртмачилари ёш жиноятчилар орасидан ижрочиларни топиб, Telegram ва Signal мессенжерлари орқали улар билан боғланишади. Бу усул қисман нима учун ўғирликлар кўпинча муваффақиятсизликка учрашини изоҳлайди: уларни энг тажрибали бандитлар амалга оширмайди.