Саҳро: чексизлик ва гўзал манзара бошланадиган бепоён маскан
Дунёдаги энг катта қум саҳроси – Руб-ал-Хали барханлари бўйлаб мозий нафасини ҳис этинг. Ҳайратланарли жойларни қидираётганлар учун Ар-Риёд яқинидаги машҳур Дунё Чегараси (Edge of World) ажойиб жой. Бу ерда қоялар бир зумда Араб платосининг тубсиз кенгликларига уланиб, ҳайратланарли манзараларни очиб беради.
Мамлакат тарихи билан танишиш учун Саудия давлатининг бешиги ва ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимий Дирияга ташриф буюринг. Қадимий кўчалар, анъанавий қаҳвахоналар ва меъморчилик муҳити Сизни мамлакат афсоналари ва маданияти уммонига чўмдиради.

Қизил денгиздаги ҳашаматли курортлар
Саргузаштлар дам олиш истагига алмашганида, албатта Қизил денгизга боринг, у ерда Сизни дунёдаги энг ҳашаматли курортлар кутмоқда:
— Desert Rock Resort. Дам олиш маскани Ҳижоз тоғлари орасидаги водийда - Қизил денгиз халқаро аэропортидан 20 дақиқалик масофада жойлашган. Бу том маънода саҳро қояларига қурилган ҳақиқий меъморий асардир. Панорама манзаралар, атрофдаги ландшафтга уйғунлашган ноёб виллалар - табиат билан узвий боғлиқликни сақлаб туради. Бу курорт нафақат дам олиш, балки осойишталик муҳитига сингиб кетишни англатади. Фаол дам олиш кунларидан сўнг, қуёшнинг уфқ бўсағасида фақат Сиз учун аталган ҳовузда дам олиш ёки юлдузли очиқ саҳро осмони остида ажойиб кечки овқатлардан баҳраманд бўлиш мумкин.
— Shebara Resort - оқ пляжлар ва фируза лагуналари мавжуд соҳилдаги жаннат. Дам олиш маскани Жиддадан 500 км шимолда, Ал-Важҳ лагунасидаги ягона Шайбара оролида жойлашган. Орол маржон рифлари билан ўралган бўлиб, улар сноркелинг ва дайвинг учун жуда мос келади. Панорама ойнали кенг виллалар пляж томонга қараган бўлиб, индивидуал хизмат ва нафис таомлар сокинлик, қулайлик муҳитини яратади. Бу ерда Сизни сув саргузаштлари, яхта саёҳатлари ва гулхан атрофидаги унутилмас оқшомлар кутмоқда.
— Six Senses Southern Dunes - индивидуаллик, гўзал табиат ва нафис хизматни қадрловчи нозик дид эгалари танлови. Умлаждан 100 км шимоли-шарқда жойлашган Ҳафф қум тепаликлари орасида яширинган бу курорт меҳмонларга нафақат алоҳида террасали кенг виллалар, балки қадимий Шарқ анъаналари асосида ишлаб чиқилган юқори даражадаги СПА дастурларини ҳам таклиф этади. Гастрономия ихлосмандлари анъанавий миллий таомлар ва муаллифлик ошхонасини тақдим этувчи ресторанларда лаззатли таомлардан баҳраманд бўлишлари мумкин. Бу ерда ҳар тонг бепоён қум тепаликларининг сокин манзараси ва бир финжон ёқимли араб қаҳваси билан бошланади.



















