Европа иттифоқининг 17 та давлати халқаро гуманитар ҳуқуқни бузаётгани учун Исроилга савдо имтиёзлари берадиган Ассоциация битимини қайта кўриб чиқишни қўллаб-қувватлади. Европа бош дипломати Кая Каллас Ғазога ёрдам дарҳол ва кенг кўламда кириши кераклигини таъкидлаган. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Ламми эса Ғазода «аянчли сиёсат»ни давом эттираётган Исроил билан савдо битими музокараларини давом эттириш мумкин эмаслигини айтди.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас иттифоқнинг Исроилга савдо имтиёзлари берадиган Ассоциация битими қайта кўриб чиқилишини маълум қилди. Унинг айтишича, Европа мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг Брюсселда ўтган йиғилишида Нидерландия Евроиттифоқ ва Исроил ўртасидаги мазкур битимни қайта кўриб чиқишни таклиф этган. Бу таклифни аъзо давлатларнинг аксарияти қўллаб-қувватлаган.
Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп Калласга йўллаган мактубида Ғазо секторининг блокадаси халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиши ва шу билан Евроиттифоқ-Исроил Ассоциация битимининг 2-моддасига хилоф эканини айтди. 2000 йилда кучга кирган ушбу битимнинг 2-моддаси ҳамкорликни «инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуққа садоқат» билан боғлайди.
«Шу боис бу жараённи бошладик. Айни пайтда Исроил инсонпарварлик ёрдамига тўсиқни ўзи олиб ташлаши керак. Биз бу ишни бошлаяпмиз ва шу орада гуманитар ёрдам йўли очилиши ҳамда вазият яхшиланишига умид қиламиз», – дея Калласнинг сўзларини келтирмоқда Euronews.

Ассоциация битимини қайта кўриб чиқишни ҳозирча иттифоқнинг 17 давлати очиқ қўллади: Нидерландия, Франция, Ирландия, Швеция, Испания, Белгия, Португалия, Финландия, Словения, Люксембург ва бошқалар. Германия, Италия, Венгрия, Греция ва яна бир неча давлат эса қарши чиққан. Швеция ташқи ишлар вазири санкцияларни Исроилнинг айрим амалдорларига нисбатан илгари суришни ҳам қўллаб-қувватлашини айтган.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Орен Марморстеин ЕИнинг ушбу қарорини танқид қилган ҳамда бу урушга Ҳамас айбдорлиги ҳамда мажбуриятлар ҳам уларга юклатилиши кераклигини айтган.









