Доналд Трамп АҚШ узра умумий қиймати 175 миллиард доллар бўлган «Олтин гумбаз» номли янги ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш режасини маълум қилди. 20 май, сешанба куни Оқ уйда ўтказилган брифингда сўзлаган АҚШ президенти янги тизимни «чет элдан келаётган ракета ҳужумларидан ҳимоя қилувчи ракета қалқони» деб атади.
Трампнинг сўзларига кўра, янги тизим гипертовушли, баллистик ва қанотли ракеталарни уриб тушира олади. У қуруқликда, денгизда ва коинотда жойлаштирилади. «Баъзи радарлар ва тутқичлар коинотга жойлаштирилади», — дея аниқлик киритди республикачи. Худди шу брифингда АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсетнинг аниқлик киритишича, янги тизим оддий ёки ядровий қурол бўлишидан қатъи назар, турли турдаги ракеталар ва дронларни тутиб олиш учун мўлжалланган.
Доналд Трампнинг таъкидлашича, тизим «тахминан уч йилдан кейин» президентлик муддати тугагунга қадар ишга тушиши керак. Унинг сўзларига кўра, Канада расмийлари ракетага қарши мудофаа тизимига қўшилишни истамоқда ва музокаралар кутилмоқда. «Олтин гумбаз» дастури раҳбари АҚШ космик кучлари бошлиғининг ўринбосари, генерал Майкл Гетлейн бўлади.
Трамп Исроилнинг шунга ўхшаш номдаги «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимини тилга олиб, Американинг «Олтин гумбази» «жуда ривожланган» бўлишини таъкидлади.
















