Кun podkastiʼнинг бу галги сонида телебошловчи, радиобошловчи ҳамда актёр Музаффарбек Мирзабеков билан унинг отасиз катта бўлгани, болалик вақтларида оиласига ёрдам бериш учун сомса ёпиб сотганлиги, телебошловчиликнинг олтин қоидалари, нутқни равон қилиш усуллари, ҳатто фарзандини тупроққа қўйиб, эртасига жонли эфирга чиқишга мажбур бўлгани, эфир давомида бошловчиларнинг рақсга тушишлари, телеканаллардаги рейтинг машмашаси ва бошқа актуал мавзуларда суҳбатлашдик.
Суҳбатимизни бугун мен сизнинг исмингиздан бошлашни лозим топдим, Музаффарбек, исмингизни ким қўйган?
– Исмимни онамлар қўйганлар, ҳамиша ғолиб бўлсин деб.
Аввалида ҳар битта касбда қийинчилик бўлади. Сиз ўша ғолиб бўлиш учун, Музаффар деган номга эга бўлиш учун қанақа қийинчилик даврларни бошдан ўтказгансиз?
– Энди яхши мақол бор-ку, “жон куйдирмасанг жонона қайда, тоғга чиқмасанг дўлона қайда” дейди. Ноҳақликлар бўлган, балки у ерда мен ноҳақ бўлгандирман. Тўсиқлар ҳам бўлган, бусиз иложи йўқ, менинг юқори лавозимларда ишлайдиган ҳеч қанақа қариндош-уруғим йўқ. Авваламбор меҳнат, кўпчилик айтади, гапираверади улар деб, кўпчиликда меҳнат, 99 фоиз меҳнат, 1 фоиз истеъдод. Меҳнат, усиз иложи йўқ, меҳнат қилмасангиз бўлмайди. Шунинг учун мен биринчи навбатда ҳар доим айтаман, бу нарсани айтишдан ҳам чарчамайман. Мана шунақа менга ёрдам берган, яъни яхши маънода ғояларимни қўллаб-қувватлаган, вақтида қани қила оладими, йўқми, деб мени синаган устозларим Фурқат ака Зокировга, Акром ака Маҳкамовга каттакон раҳмат дейман, умрлари узоқ бўлсин.
Музаффар бўлиб танилишимда шу инсонларнинг ҳиссаси жуда ҳам катта. Устозлар жуда ҳам кўп Қаҳрамон ака Ашуров, Обид Асомов, Тўхтамурод Азизов, Ботир Муҳаммадхўжаев, Мирзабек Холмедов институтда дарс берганлар. Мен ҳаммаларига раҳмат дейман. Бир интервюда таниқли инсоннинг бир зўр гапи менга ёқди. Ўзимдан бир ёш катта бўлса ҳам актёрни, актрисани мен ўзимга устоз деб биламан.
Болаликда кимдир у касбда, кимдир бу касбда ишлайди-ку, сизни ҳам қайсидир касбларга қўйишганми?
– Албатта, мен болалигимда 5-синфдан ошхонада ишлаганман, сомсахонада сомса ёпганман, сомса сотганман, пиёз тўғраганман, пиёз чопганман, институтни битиргунимча ишлаганман. Бундан ташқари институтга кира олмаганимда бир йил “Микон” заводида оддий чилангар бўлиб ишлаганман. Институтда ўқиётганимда тирикчилик қилиш керак деб 1993 йил биринчи бўлиб Аҳрор Қўшматов иккаламиз янги йил арафасида хонадонма-хонадон юриб, мен Қорбобо кийимида болажонларни табриклаб юрардик.





