Президентнинг ПҚ–292-сонли қарори билан алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, коррекцион синфлар ташкил этган нодавлат таълим муассасалари давлат томонидан субсидия билан қўллаб-қувватланади. Бу орқали алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар учун сифатли таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган.
Шунингдек, 2027 йил 1 майдан бошлаб ассистив жиҳозлар эҳтиёжманд болаларга ваучер тизими асосида тақдим этилади.
Ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида 50 фоиз қўшимча вақт ажратилади. Уларга Брайл алифбосидаги, аудио ва электрон форматдаги имтиҳон материалларидан фойдаланиш имконияти ҳам яратилади.
Қарор билан ҳар йили «Имкониятлар олимпиадаси» (Абилимпикс) ҳамда «Ўсиш ва ривожланиш» (УПШИФТ) танловларини ўтказиш ҳам белгиланган. Уларда ғолиб бўлган иштирокчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 30 бараваригача бўлган миқдорда мукофот ва грантлар ажратилади.
Бундан ташқари, махсус педагогларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чоралари ҳам амалга оширилади.











