Бугун, 29 май куни Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғида мудофаа соҳасида инновацион технологиялар фестивали бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Фестивалга келган Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов дронлар пойгасини ташкил қилган жамоа аъзолари, инструкторлар билан суҳбатлашди.
«Темурбеклар мактаби»га ҳам шундай дронлардан сотиб оламиз, ўргатамиз. Дастлаб, бу йўналишда тўгараклар бўлса, кейинчалик федерация ташкил қиламиз.
Бизлар намуна қилайлик, бизнинг орқамиздан Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги ва унинг авиация мактаби ҳам қилади. Булар федерация учун база бўлади, бу ерда ўқийдиганлар таянч кадрларимиз бўлади», дея ДХХ раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда қатнашаётган Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари, Президент Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси Баҳодир Тошматов жамоа аъзолари фойдаланаётган дронлар жаҳон стандарти даражасида экани ҳақида сўради. Инструкторлар тасдиқ жавобини берди.

Инновацион технологиялар фестивалида Россиянинг «Транспорт будущего» компанияси ўзбекистонлик ўқувчилар иштирокида дронлар пойгаси мусобақасини ўтказмоқда.
Spot маълумотига кўра, бу компания 2025 йил охиригача Ўзбекистонда учувчисиз учиш қурилмаларини ишлаб чиқишни йўлга қўймоқчи.










