Сицилиядаги Этна вулқонидан баландлиги 6,5 километрга етадиган улкан вулқон кули, газ ва тошлар устуни отилиб чиқди. Этна – Европадаги энг катта уйғоқ вулқон, аммо Италия расмийлари ҳозирча аҳоли учун ҳеч қандай хавф йўқлигини айтмоқда.

Италия Геофизика ва вулқоншунослик миллий институти (INGV) маълумотларига кўра, вулқон отилишининг табиати кратернинг ён томонларидан бирида тоғ жинслари қулаганини кўрсатади.
«Кузатув камералари жануби-шарқий кратернинг шимолий ёнбағридан материал қулаши натижасида юзага келган пирокластик оқимни қайд этди», – дейилади хабарда.
Пирокластик оқим – портлаш натижасида ер юзасига отилиб чиққан юқори ҳароратли вулқон газлари, кул ва тоғ жинслари бўлакларининг аралашмаси.
Бундай оқимлар атроф-муҳит учун ўта хавфли бўлиши мумкин, аммо ҳозирча бевосита хавф аломатлари кузатилмаяпти.
Сицилия региони раҳбари Ренато Скифанининг сўзларига кўра, маҳаллий расмийлар доимий алоқада бўлган экспертлар уни бунга ишонтирган.
The Independent’нинг ёзишича, вулқон ҳаракатга келишидан олдин ерости силкинишлари кузатилган. Олимлар магманинг кучли ҳаракати билан боғлиқ сейсмик тебранишлар даражаси жуда юқори эканини маълум қилди. Мутахассислар яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун эҳтимолий хавфларни баҳолаш мақсадида вазиятни кузатишда давом этмоқда.

Сицилиянинг айрим ҳудудларини кул қоплаган. Этнадан отилган кул устунлари бир неча километрга етмоқда.
INGV’нинг сўнгги баёнотида айтилишича, вулқон оқими ҳали Арслон водийси – сайёҳлик йўналишлари кесишган чўққига яқинлашиш нуқтаси ёнидан ўтмаган.
Шундай қилиб, ҳокимиятда зарурат туғилганда хавфсизлик чораларини кўриш учун етарли вақт бор.
Фуқаро мудофааси минтақавий бўлинмаси раҳбари Салво Кочина сайёҳларга «мазкур табиат ҳодисаси ривожланиши эҳтимоли туфайли» ҳудудга ташриф буюрмасликни тавсия қилди.
Ҳаво транспорти учун вулқон булути чиқиши муносабати билан қизил огоҳлантириш эълон қилинди, бироқ яқин атрофда жойлашган Катания аэропорти ҳозирча одатдагидек ишламоқда.
















