Қашқадарёда собиқ ИИБ ходими пичоқлаб ўлдирилди, пойтахтга кириб келаётган эшак гўшти тўхтатиб қолинди, Қурбон ҳайити муносабати билан қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилади - ўтган кун давомидаги муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан Kun.uz'да танишинг.
Қашқадарёда собиқ ИИБ ходими пичоқлаб ўлдирилди
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида собиқ ИИБ ходими, ЙПХ инспектори пичоқлаб ўлдирилди. Бу ҳақда Тelegramʼдаги “Avtoblog.uz” канали хабар берди. Маълум бўлишича, воқеа 1 июн куни Шаҳрисабз шаҳридаги Синабоғ маҳалласида содир бўлган. Ҳозирча бунга нима сабаб бўлгани маълум эмас.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг маҳаллий ОАВга билдиришича, 48 ёшли фуқаро бўйин соҳасидан ўткир тиғли жисм билан жароҳатланган ҳолда Шаҳрисабз шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, 37 ёшли бир гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди
Самарқанд вилоятида 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида маълумот берилди.
Қайд қилинишича, соҳада манфаатлар тўқнашувига оид ҳамда коррупцияга мойил бўлган муносабатлар сақланиб қолмоқда. Бу йил биринчи чорагида 3300 дан ортиқ ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилиш аниқланган ва бунинг оқибатида 80 нафардан ортиқ ҳоким ёрдамчиси ҳамда бошқа масъулларга нисбатан интизомий, маъмурий ва жиноий иш қўзғатилган. 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилган. 3 миллиард сўмлик субсидия, нафақа ва кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган жиноятларнинг салмоқли қисми Самарқанд шаҳри, Ургут, Иштихон ва Оқдарё туманларига тўғри келади, маҳаллий ҳокимлик идоралари ёки бандлик органлари томонидан хизмат текширувлари ўтказилмаган.














