Шошма... мен сени танидим. Қаердадир кўрганман, балки ёмғир ёққанда бир соябон остида футбол томоша қилгандирмиз? Балки чипта олаётиб рўбару келганмиз ё мендан стадион қаердалигини сўрагансан-у, йўлнинг қолганини бирга босиб ўтганмиз. Балким қўшнимсан, ҳамшаҳар, қариндош, ватандош...

...балки сен менинг ўзимдирсан. Менинг ёшлигим...

Қаерга кетаётганингни ҳам биламан. Қўлингда байроқ, янгича ҳаяжон. Ахир мустақил бўлдинг, энди сенинг ҳам ўз жамоанг бор, энди дунёга ҳайқиришинг, бир жамоага, бир юртга мансуб эканинг ҳақида жар солишинг мумкин.

Ишонч ҳам катта. Ахир яқинда мана шу йигитлар Хиросимада Осиёнинг зўрларини ер тишлатмадими? Демак, биз кучлимиз, Осиё чўт эмас, ҳали дунёга чиқамиз, мундиалда ўйнаймиз. Ўзбекнинг кимлигини ҳамма кўради, тан олади, эҳҳе...

Қаёқда... Сенга қаттиқ таъсир қилмаслиги учун олдиндан айтиб қўяй – ундай бўлмайди. Илк уриниш катта дарс бўлади. Корейслар Тошкентга келиб кетма-кет гол ураётганда ҳаммасини тушунасан – узоқ бир йўлнинг бошидамиз. Йўқ, кибр билан эмас, катта меҳнат билан содир бўлар экан ҳаммаси. Келаси сафар бошқача бўлади.

Келаси сафарлар яна неча марта такрорланишини билсанг, балки футболдан кўнглинг совиб кетармиди? Сўнгги дақиқаларда Хитой дарвозасига Ширшов гол уриб, мухлислар томон талпинганида, панжара томон югурган ҳам ўзингсан. Хурсандчилигинг ҳатто ўрнингга қайтгунча ҳам чўзилмагани, бошқа ўйин натижаси бизни мана шу стадионда қолдириб кетганини билганингдаги ҳолат... на ҳаммага қўшилиб севинишни, на бу гол жуда кеч урилгани учун ачинишни биласан. Яна битта дарс бўлди – четдан ҳар қанча ёрдам чақиришинг мумкин, фойдаси йўқ. Мағлубиятлар фақат бизники экан, демак ғалабага ҳам фақат ўзимиз эришишимиз шарт. Бошқа йўл бўлмайди.

Кейинги дарс ҳаммаси майдонда ҳал бўлиши кераклигини англаганингда рўй берди. Биз Баҳрайндан кучли эдик ахир. Биз доим Баҳрайндан кучли бўлганмиз, шундай эмасми? Аввалига япониялик ҳакам Йошида хато қилади, кейин буни тузатиш учун ёзган хатимиз ўзимизга чоҳ қазийди...

Мухлис зоти қизиқ экан. Барчасидан кўнгли совиб, бошқа қайтиб келмасликни қасам ичган стадионига қайтаверади. Бу сафар бошқача бўлар?

Кейинги сафарлар янада аламли бўлса бўлдики, кўнгилдаги яра битмади. Қатарга бешинчи голни йиғлаб нишонладик, қанийди яна икки дақиқа бўлса-ю, яна икки гол уриб мундиалга чиқсак. Эронни сафарда ютдик, Корея билан ўйинда бир гол етмади, ахир бунчалик яқин масофадан қайтиш нақадар оғир.

Ана, кўриниб турибди, бир гол уриш кифоя... наҳотки шу қадар омадсизмиз? Австралиянинг бўйи баландроқ, корейслар тезроқ югуради, японларда юлдузлар кўп, араблар ҳар сафар охирида уриб кетади. Наҳотки, биз ҳеч қачон энг кучлилар сафида бўла олмаймиз? Наҳотки биргина голлик масофа шу қадар узоқ?