Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оролбўйи иқлимида ёғингарчиликни модификациялаш технологиялари жорий этилади
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги делегацияси амалий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларида бўлди.
Ташриф давомида БААнинг Абу-Даби, Дубай ва Рас ал Ҳайма амирликларидаги давлат ташкилотлари, фондлар, етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Жумладан, Жаҳон метеорология ташкилоти президенти, БАА Миллий метеорология маркази бош директори Абдулла Аҳмад Ал-Мандус билан кечган суҳбат чоғида метеорологик ва иқлимий кузатувлар базасини яратиш, Оролбўйи ҳудудининг қурғоқчил иқлими шароитида ёғингарчиликни модификациялаш технологияларини жорий этиш бўйича масалалар муҳокама қилинди. Томонлар "Йўл харитаси" ишлаб чиқилиши ва Миллий метеорология маркази масъулларининг Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олди.
Тараққиёт фондлари ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) билан ўтказилган учрашувлар натижасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали мулоқотлар натижасида қатор манфаатли келишувларга эришилди.
Амирликлар томони Қорақалпоғистондаги мавжуд конларда ҳамкорликда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва экологик хавфсиз ўзлаштириш, икки мамлакат университетлари ҳамда илмий муассасалари билан биргаликда қўшма тадқиқот марказлари ва кадрлар тайёрлаш дастурларини ташкил этиш, энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, тиббиёт йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.