Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тўқимачилик соҳасидаги айрим корхоналар покистонликлар бошқарувига берилиши мумкин
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ҳамда мамлакат тадбиркорларидан иборат делегация Покистонда бўлди.
Фото: dunyo.info
Ташриф доирасида мамлакат делегацияси вакиллари Лаҳор шаҳрида бўлди ва Лаҳор Савдо-саноат палатаси, Умумпокистон тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари уюшмаси, тўқимачилик, тери ва жунни қайта ишлаш компаниялари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Taba Group ҳолдинги таркибига кирувчи Yunus Textile Mills компанияси билан уй тўқимачилиги йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Покистон компанияси Ўзбекистондаги кам қувватда ишлаётган ёки фаолиятини тўхтатган корхоналар базасида қўшма лойиҳаларни оширишдан манфаатдорлигини билдирди. Учрашув якунида томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Sapphire компанияси раҳбарияти билан эса Ўзбекистонда кичик ёшдаги болалар учун кийим-кечак ишлаб чиқариш, ип-калава ва пахта чиқиндиларини импорт қилиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, Лаҳор Савдо-саноат палатасида 50 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари билан давра суҳбати ўтказилди. Йиғилганларга Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти, ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар, эркин иқтисодий зоналар, экспортбоп маҳсулотлар бўйича батафсил маълумот берилди.
Палата раиси Миан Абузар Шад билан кечган мулоқот натижасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, экспортни диверсификация қилиш, биргаликда тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, тиббиёт анжомларини ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.
Умумпокистон тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари уюшмаси билан ўтказилган учрашувда мамлакатдаги тўқимачилик соҳасида кам қувватда ишлаётган корхоналарни покистонлик ҳамкорларга бошқарувга бериш ва учинчи мамлакатлар бозорларига экспортни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Уюшма раҳбари тўқимачилик соҳасида ўзбекистонлик ҳамкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилиб, жорий йил июл ойида Ўзбекистон корхоналари билан танишиш учун мамлакатга келиш истагида эканлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси иштирокида Лаҳор шаҳрида "Ўзбекистон савдо уйи"нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Покистоннинг етакчи Diner’s Group компанияси ўртасида биргаликда "Ўзбекистон савдо уйини" фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, тери ва чармдан маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Dada Group компанияси билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистонда қўй, эчки ва қорамол терисини қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.
Мавзуга оид
20:41 / 06.12.2025
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида авиақатновлар кўпайтирилади
15:19 / 27.11.2025
Тўқимачилик маҳсулотлари Ўзбекистон экспортида 2,1 млрд долларлик улуш қайд этди
12:34 / 25.11.2025
Покистон кучлари Афғонистондаги аҳоли уйини бомбалаши оқибатида 10 киши вафот этди
14:48 / 22.11.2025