«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, бу масалалар Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев ва Vision Group раҳбарияти ўртасидаги музокараларда кўриб чиқилган.

Учрашувда компания вакилларига Янги Тошкент лойиҳаси, қурилиш соҳасига сармоя киритаётган хорижий инвесторлар учун имтиёз ва преференциялар ҳақида маълумот берилган.

Покистон томонига янги шаҳарда инфратузилма ва муҳим ижтимоий объектларни барпо этишга давлат томонидан катта маблағ йўналтирилаётгани, ҳозиргача 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилгани айтилган.

Шунингдек, Янги Тошкент учун жами 20 минг гектар ер ажратилгани, биринчи босқичда 6 минг гектар ҳудудда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилгани таъкидланган.

Vision Group вакиллари Янги Тошкентни жозибадор ва истиқболли инвестиция йўналиши сифатида кўриб чиқаётганини билдирган.

Компания таклиф қилаётган лойиҳа замонавий тураржой бинолари, боғлар, сайилгоҳлар, фавворалар, умумий овқатланиш шохобчалари, савдо ва кўнгилочар марказларни ўз ичига олади. Аҳоли ва хорижий меҳмонлар учун ижтимоий ҳамда хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш ҳам режалаштирилган.

Музокаралар якунида мазкур лойиҳа тақдимотини ўтказиш учун компания ишчи гуруҳининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этишга келишилган. Хабарда лойиҳанинг аниқ қиймати ва қурилиш муддатлари келтирилмаган.

Vision Group 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, кўчмас мулк қурилиши, оммавий ахборот воситалари, кино, фармацевтика, таълим, архитектура ва дизайн соҳаларида фаолият юритади.

Агентлик маълумотига кўра, гуруҳ сўнгги 22 йилда Покистон шаҳарларида умумий майдони 2,6 минг гектар бўлган шаҳарсозлик ва қурилиш лойиҳаларини амалга оширган. Компания активлари 7 миллиард долларга баҳоланмоқда.