Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрон Исроилга жавоб зарбалари берди

Жума куни кечаси Эрон Исроилга қарши жавоб ҳаво ҳужумларини амалга оширди, портлашлар мамлакатнинг энг йирик икки шаҳри – Қуддус ва Тел-Авивда эшитилди. Тел-Авив осмонида ракеталар кўринди, ҳарбийлар Эрон икки тўлқинда ўт очганини билдирди. Исроил армияси Эрон 100 тадан кам ракета отганини ва уларнинг аксариятини «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тутиб қолганини айтди. Reuters нашрига кўра, АҚШ армияси ҳам Исроилга қараб йўналган Эрон ракеталарини уриб туширишда ёрдам берган.

Ҳужумда бир нечта ракеталар биноларга етиб келди. Жумладан Тел-Авив яқинидаги Рамат Гандаги турар жой маҳалласида жойлашган кўп қаватли бино ва марказидаги бошқа бир бинога сезиларли зарар етказилди.

Маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 41 киши жабрланган, уларнинг аксарияти енгил жароҳат олган, икки киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Аввалига ҳужум оқибатида қурбонлар йўқлиги айтилганди. Кейинроқ New York Times сўнгги зарбалардан кейин Тел-Авив яқинида зарба берилиши оқибатида бир аёл ҳалок бўлганини хабар қилди.

Кун давомида Исроил томонидан Эронга қилинган ҳужумлар ва Эроннинг жавоб зарбалари минтақавий миқёсдаги кенгроқ тўқнашув хавфини оширмоқда. Дастлаб, Эрон Исроилга дронлар учирган эди, аммо улар йўлдалигидаёқ — Ироқ, Иордания ва Сурия ҳудудларида тутиб қолинганди.

Эрон олий раҳнамоси Хоминаий Исроилни урушни бошлаганликда айблади. Эроннинг юқори мартабали расмийси Исроилда ҳеч бир жой хавфсиз бўлмаслигини ва қасос оғриқли бўлишини айтди.

«Ционистик режим ўз жинояти оқибатларидан жазосиз қолмайди. Эрон миллати бизнинг жавобимиз чала бўлмаслигига ишончи комил бўлиши керак. Болаларни ўлдирувчи режим учун дўзах дарвозалари очилади», – деган Хоминаий ўз мурожаатида.

Эроннинг Исроил бўйлаб жавоб зарбаси «Ҳақиқий ваъда-3» номини олди, деб хабар берди Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси. Эрон қуролли кучлари Исроил ҳудудидаги ўнлаб нишонлар бўйлаб, жумладан ҳарбий ва авиабазаларга зарбалар йўллади, дейилади корпус баёнотида. Мазкур ҳарбий тузилма вакили Эрон Исроилнинг ҳарбий-саноат объектларини ҳам ўққа тутганини маълум қилган. Эроннинг «Ҳақиқий ваъда» номидаги олдинги икки амалиёти 2024 йилнинг апрель ва октябрь ойларида ўтказилган – бу амалиётлар ҳам Исроилга ёпирилма ракета зарбалари кўринишида бўлганди.