Исроил ҳудудлари қаторасига уч кун ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 20 дан ошган. Теҳронда ҳам турли объектлар, жумладан турар жой биноларига зарба берилмоқда. Эрон нашрлари исроилликларнинг зарбалари қурбонлари сони камида 128 нафарни ташкил этаётгани тўғрисида хабар берган.

Теҳрон аҳолиси нима қилишини билмаяпти.

«Ўртада қолиб кетдик» – BBC Форс хизмати журналистлари билан гаплашган одамларнинг аксарияти бугунги кундаги Эрон ҳаётини шундай тасвирлайди.

Аёллардан бири икки кундан буён уйқу билмаётганини айтган: «Мен жуда оғир дамларни бошдан кечирдим».

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вазият унга 1980-йилларда Эрон-Ироқ уруши туфайли бомбапанагоҳларда ўтказилган кунлар ва шаҳарлар бомбаланишини эслатади. Ўшанда у бола бўлган: «Фарқи шуки, ўша вақтда ҳужум бошланганида биз сиреналарни эшитардик ёки ҳеч бўлмаганда огоҳлантириш бўларди. Ҳозир эса бомбалаш ёки ҳаво зарбалари чоғида сиреналар ҳам, огоҳлантиришлар ҳам йўқ... Афтидан, улар [амалдорлар] энди бизнинг ҳаётимиз ҳақида қайғурмаяпти».

Урушдан кейин туғилган ёшлар бу қандайлигини билмайди, дейди BBC Форс хизмати вакили Ғунча Ҳабибиозод.

Теҳронда бензинга навбат
ABEDIN TAHERKENAREH/EPA-EFE/Shutterstock

Теҳронда яшовчи яна бир киши шундай дейди: «Мен ёқилғи қуйиш учун уйимдан анча узоққа боришимга тўғри келди, чунки ҳамма ёқда улкан навбатлар юзага келган».

Шаҳар аҳолисининг бир қисми эса аллақачон «мулозимлар яшовчи жойлардан нари кетишни бошлаган».

Интернет ишлаши барқарор эмас, шу туфайли мамлакат ичкарисидаги одамлар билан алоқа ўрнатиш жуда қийин бўлмоқда, дейди нашр мухбири.

Мамлакат ташқарисида яшовчи эронликлар ўз яқинларига хабар юбориб, жавоб келишини ҳадик билан кутишмоқда.

Теҳронда яшовчи аёл зарбалар остида қолмаслик учун вақтинча шаҳарни тарк этиш ҳақида ўйлаётганини айтади.

«Биз ҳаммамиз кичик шаҳар ёки қишлоқларга, хоҳлаган жойга кетишни хоҳлаймиз, лекин ҳар биримизнинг кета олмайдиган яқинларимиз бор ва биз улар ҳақида қайғурамиз. Биз бошдан кечираётган воқеалар барчамизга, Эрон аҳолисига нисбатан адолатсизликдир», – дейди у.