Жума куни кечқурун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу видеомурожаат билан чиқиб, Эрон халқини ўз етакчиларига қарши исён кўтаришга чақирди.
«Исроил ҳарбий операциясининг мақсади ҳам ядровий, ҳам ракета таҳдидини бартараф этишдир. Мақсадларимизга эришар эканмиз, сиз эркинликка эришишингиз учун ҳам йўл очиб борамиз«», – деди Нетаняҳу.
Таҳлилчилар фикрича, режим ўзгаришига умид Исроилнинг Эронга ҳозирги ҳужумлари сабабларидан бири бўлиши мумкин.
«Исроил халқ кўтарилишини хоҳлайди», – дейди Reuters агентлиги билан суҳбатда Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти ходими ҳамда кичик Жорж Буш маъмуриятининг собиқ юқори мартабали мулозими Майкл Сингҳ.
Исроил зарбалар ортидан Эрон раҳбарияти заифлашиши ҳамда халқ қўзғолон кўтаришига умид қилмоқда, аммо бунда ҳам улкан хавф бор, дея қайд этади BBC Форс хизмати муҳаррири Амир Азимий, чунки бундай занжир реакцияси чиндан ҳам содир бўлишига ҳали ҳеч қандай ишонч йўқ.
BBC’нинг Яқин Шарқ бўйича корреспонденти Ҳюго Бачега қайд этишича, Эрон ҳукумати ҳозирда жиддий босим остида қолган. Жамоатчилик иқтисодиётнинг ҳолатидан, сўз эркинлиги таъминланмагани, аёллар ва озчиликлар ҳуқуқлари бузилаётганидан норози.
Исроилнинг зарбалари Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони, мамлакат қуролли кучлари бош штаби бошлиғи ва бошқа кўплаб юқори мартабали ҳарбий раҳбарлар ўлимига олиб келди. Эроннинг жавоб зарбасидан кейин эса Нетаняҳу «тез орада Исроил ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари Теҳрон устидан учиши»ни айтиб, мамлакатнинг сиёсий раҳбарлари ҳам йўқ қилинишига ишора қилди. Хусусан, Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ўлдирилиши «урушга барҳам бериши» ҳақида гапирди.
Аммо содир бўлаётган воқеалар ички беқарорлик ва ҳукуматга қарши ҳаракатларга олиб келиши мумкинми ёки йўқми, бу номаълумлигича қолмоқда. Айни вақтда бундай жараёнлар бошлангани ҳақида ишончли далиллар йўқ ва агар улар бошланса ҳам, натижасини олдиндан айтиб бўлмайди.
Эрондаги ҳақиқий ҳокимият армия ва иқтисодиётни назорат қилувчилар, биринчи навбатда, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси тузилмалари ҳамда бошқа халқ томонидан сайланмайдиган органлар қўлида жамланган. BBC Форс хизмати муҳаррири Амир Азимий бу кучларга давлат тўнтариши керак эмаслигини қайд этади: улар шусиз ҳам ҳокимиятда ва агар хоҳлашса, мамлакатни янада қарама-қарши йўналишга олиб кетиши мумкин.
Катта эҳтимол билан, Исроил кутган натижа ўзига хайрихоҳ бўлган кучлар ҳокимиятга келишига олиб борадиган исён бўлади. Аммо асосий савол шундай – ҳозирги режимга чинакам муқобил бўладиган куч борми?


















