Президент Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Остона шаҳрида «Марказий Осиё - Хитой» иккинчи саммитида иштирок этди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Хитой раиси Си Жинпинг, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни устувор йўналишларда кенгайтириш истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон президенти нутқининг аввалида Хитой раиси Си Жинпингнинг Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали минтақанинг барқарор тараққиётини қўллаб-қувватлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.

– Бизнингча, бир томондан, ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айланган Марказий Осиёнинг ўзидаги чуқур трансформация жараёнлари, бошқа томондан, Хитой раҳбариятининг қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва «Белбоғ ва йўл» глобал концепциясини илгари суришга қатъий содиқлиги ушбу форматдаги ҳамкорликнинг ривожланишига имкон бермоқда, деди давлат раҳбари.
Сўнг Ўзбекистон етакчиси минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилди.
– Низоли халқаро масалалар ва зиддиятли муаммоларни ҳал қилиш учун куч ишлатиш воситаларидан фойдаланиш ўзини оқламайди ва бунга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз, деди президент. - Барча низо ва зиддиятлар суверенитетни ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низоми асосида фақат дипломатик саъй-ҳаракатлар йўли билан – музокаралар столида ҳал этилиши шарт.
Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, Хитой билан савдо, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияларини амалга оширишда кучли локомотив бўлиб хизмат қилмоқда.
Янги иқтисодий шериклик дастурини тез фурсатда қабул қилиш ҳамда Бош вазир ўринбосарлари даражасида Савдо ва инвестициялар бўйича ҳудудлараро кенгашни таъсис этиш бу борадаги амалий қадам бўлади. Ўзбекистон томони кенгашнинг биринчи йиғилишини жорий йил охиригача ўтказишга тайёрлиги билдирилди.



















