Хитой Марказий Осиёга 1,5 млрд юань миқдорида беғараз грант ажратади, Россия эса Тожикистоннинг қарийб 300 миллион долларлик қарзидан кечди. Қозоғистон АЭС қуришни барибир Россияга топширмоқда, Хитой-Франция-Корея вариантлари рад этилди. Қирғизистон пойтахти тўлиқ электрдан узилиб қолди, парламент йиғилиши зулматда ўтказилган. Тожикистон президенти ҳамкасбларига музлар эриб кетаётганидан хавотирини билдирди. Туркманистон Эрондан фуқаролари ва дипломатларини олиб чиқмоқчи бўлганларга ёрдам бериб, чегарасини очиб қўйди.

Хитой грант ажратади

Хитой Марказий Осиё давлатлари учун 1,5 млрд юань, яъни тахминан $209 млн доллар беғараз грант ажратади. Бу аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Бундан ташқари, Хитой яқин икки йил ичида МОга касбий тайёргарлик курслари учун 3 мингта квота ажратмоқчи.

Бу ҳақида Хитой раиси Си Цзинпин шу ҳафта Остонада ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммитида эълон қилди.

“Биз шу йили Марказий Осиё мамлакатларига аҳоли фаровонлигини ошириш ва ўз тараққиётига кўмаклашиш бўйича бешта мамлакатнинг муҳим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга 1,5 миллиард юань миқдорида беғараз грант тақдим этишга тайёрмиз”, — деган Хитой раиси.

Қозоқ нашрларининг ёзишича, Си Цзинпин Хитой университетларида Марказий Осиё мамлакатлари тилларини ўрганиш курсларини очишни ҳам таклиф қилган. 

Хитойнинг бу беш мамлакат билан савдоси қарийб 100 млрд долларга етди. The Astana Times’нинг ёзишича, 2023 йилда Циан шаҳридаги саммитдан бери минтақанинг Хитой билан савдоси 35%га кўпайган. Қўшма корхона ва лойиҳалар сони эса 10 мингдан ошган.

Қозоғистон президентига кўра, айни пайтга келиб Хитой ва Марказий Осиё алоқалари абадий стратегик шериклик даражасига кўтарилган.

Си Цзинпиннинг қўшимча қилишича, Хитой беш давлатда жиноятчиликка қарши кураш ва киберхавфсизлик масалалари бўйича ҳам ёрдамини тақдим этади. Хитой халқаро адолатни ўрнатиш тарафдори, гегемонизмга қаршимиз, дейди Цзинпин.

Қирғизистон президенти ўз чиқишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли лойиҳасини эслатиб ўтган.

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон яна музликларни сақлаш ҳақида гапириб, экология масалаларини кўтарган.

Президент Мирзиёев эса Марказий Осиё – Хитой узлуксиз савдо платформаси йўлга қўйилганини қўллаб-қувватлаган. Саммит абадий яхши қўшничилик шартномаси имзоланиши билан якунланган.