Бугун кўчаларимизда машинани жуда тез ҳайдайдиган, пиёдага йўл бермайдиган, фақат кемераси бор светофорда тўхтайдиган, бир сўз билан айтганда, «шайтонарава»сини дунёдаги энг азиз неъмат деб биладиган «ҳайдовчилар» нега бунчалик кўп эканининг битта сабаби ҳақида гаплашамиз. Ҳа, бунинг сабаблари кўп. Руҳиятга, генга, илмсизликка, дунёқарашга боғлиқ ўнлаб сабаблар келтириш мумкин. Лекин биз айтмоқчи бўлган сабаб энг жиддийси, менимча.

Кўчада билганини қилиб машина ҳайдайдиган бефаросатларни аслида автотеррорист деб аташ ҳам мумкин, лекин нима бўлганда ҳам, улар бизнинг ватандошимиз. Шу учун уларни ҳурмат билан шунчаки бефаросат ҳайдовчилар дея қоламиз.

Машина васвасаси

Бизда инсонларнинг машинага бўлган муносабатлари ҳайратланарли. Кўчада қимматроқ машинасини биров сал туртиб кетган ҳайдовчилар худди хонумонидан айрилгандай ҳолатга тушганини кўп кўрганман. Нега шундай эканини анча йилдан бери ўйлаб келардим. Менимча, энг жиддий сабаб – машина нархи. Бизда узоқ йиллар инсонлар даромади ва машина нархи ўртасида фарқ жуда катта эди. Охирги йилларда бозорга Хитой электрокарлари кириб келиб вазият бироз ўзгарди, бироқ машина нархи баланд бўлгани ўзбеклар орасида уни шунчаки улов эмас, орзу қилиб етишадиган бойликка айлантирди.

Масалан, қишлоқдаги оилаинг энг катта орзуси – йиллаб меҳнат қилиб, йиғиб-териб, баъзан рўзғордан тежаб Damas олиш. Яхши-да, бизда тўй ҳашам кўп, олифта мошинага қанча одам сиғарди, Damas'га катта оила бола-чақаси билан сиғиб кетаверади. Ёки Россияга ишлагани кетган ёш забардаст йигитнинг орзуси – бир неча йил қурилишда қийналиб ишлаб, уйга қайтгач Gentra олиш! Иложи бўлса қорасидан, ойнаси ҳам қора бўлсин, қизлар кўрганда «вау» десин.

Сиз энди бир неча йил меҳнат қилиб, бир тинлаб йиғиб «Damas» олган бояги ҳайдовчига «Секин ҳайда», деб кўрингчи. Бу ҳайдовчи кўзига «Damas» шунчаки машина эмас, бир неча йиллик меҳнатининг самарасидек кўринади. Ёки бояги Россияда ишлаб Gentra олган йигитга «Эй ука, секинроқ ҳайда, кўчада болалар деб», кўрингчи, эшитадиганингизни эшитасиз. Ахир у бола мардикорлик қилиб Gentra'ни «бағиллатиб босиш учун» олган-ку! Тўй кортежида юрганда бошқа ҳайдовчиларга халақит бермаса, онаси зўрға ухлатган болани уйғотадиган ёқимсиз сигнал чалмаса, бўзйигит Gentra'ни нимага олган ахир.

Биласизми, агар машина жонвор арзонроқ матоҳ бўлганида одамлар бу «шайтонарава»га бунақа меҳр бермаган бўларди, менимча. Аҳвол шунчаликка бордики, инсонлар машинага умри давомида эришган натижаси деб қарайдиган бўлди: