Екатеринбургда икки озарбойжонлик ўлими Москва ва Боку муносабатларида мисли кўрилмаган инқирозни келтириб чиқарди, аммо бу инқироз сабаблари йиллар давомида тўпланиб қолганди, дейишмоқда экспертлар. Озарбойжон собиқ метрополияси билан муносабатлар характерини ўзгартиришни, Россиянинг Жанубий Кавказга таъсирини камайтиришни ҳамда «яқин хориж» мамлакатидан тенг ҳуқуқли ҳамкорга айланишни хоҳлайди. BBC экспертлардан ҳозирги можаро Озарбойжоннинг Россиядан тўлиқ узоқлашишига олиб келиши эҳтимоли ва минтақанинг бошқа давлатларига қанчалик таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида сўради.

Бокунинг Кремл билан баҳси қанча давом этади?

Россия бош вазири ўринбосари ташрифи бекор бўлиши, Россия ҳуқуқ-тартибот органлари қийноққа солиш ва ўлдиришда айбланиши, Бокуда россияликлар қўлга олиниши, Sputnik-Azerbayjan ахборот агентлиги офисида рейд ўтказилиши ва давлат нашрларида Россия нацистлар Германиясига тенглаштирилиши – бу ўтган ой охирида Екатеринбургда ака-ука Сафаровлар вафот этганидан кейин Озарбойжон ташлаган қадамларнинг нотўлиқ рўйхати.

Бундай жавоб Москвадагиларни ғафлатда қолдиргани кўриниб турибди. Кремлдагилар буни демарш деб атади ҳамда Россия ТИВ ва телевидениедаги асосий пропагандачиларнинг оҳанги расмий иттифоқчининг (ҳозир Россия ва Озарбойжон муносабатлари айнан шундай мақомга эга) хатти-ҳаракатларини тушунмаслик ва афсусланишни ифодаламоқда.

Москва ва Боку ўртасидаги муносабатлар «стратегик иттифоқчилик характерига эга ва шубҳасиз, буни ёқтирмайдиган кучлар ҳам бор», – дея эслатди ТИВ расмий вакили Мария Захарова. «Россия ҳеч қачон Озарбойжонга таҳдид қилмаган ва қилмайди ҳам», – деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Илгари ҳеч қачон бунга ўхшаш эпизодлар икки мамлакат муносабатларига бу қадар жиддий таъсир кўрсатмаганди. 2021 йилда Новосибирскда қўлга олиш чоғида бир озарбойжонлик ҳалок бўлган, 2020 ва 2023 йилларда эса Қорабоғ урушлари доирасида россиялик ҳарбийлар Озарбойжон қўшини ҳаракатлари қурбонига айланган.

Ака-ука Сафаровларнинг ўлими Озарбойжонни ларзага келтирди. Фото: Reuters

Аммо Екатеринбургдаги ҳодиса – инқироз сабаби эмас, балки ўтган йил декабр ойида «Озарбойжон ҳаво йўллари» самолёти ҳалокатга учраганидан кейин тўпланиб қолган келишмовчиликларнинг юзага чиқиши холос, дейди Берлиндаги Карнеги марказининг Россия ва Евросиёни ўрганиш бўйича илмий ходими Заур Шириев.