Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳатори Такаши Тошкент Кимё халқаро университетига ташриф буюрди. Элчи университетнинг ўқув жараёнлари, тиббиёт кластери ва замонавий лабораториялар билан танишди.

«Японияда туғилиш кўрсакичининг пасайиб бориши сабаб юқори малакали чет эллик ёш мутахассисларга талаб ортмоқда. Шу боис биз кўплаб ёшларни Японияда ишлаш имконияти билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ Японияда ишлаш учун биринчи навбатда япон тилини билиш талаб этилади.

Бугун Тошкент Кимё халқаро университетига ташриф давомида университетда япон тили дарслари йўлга қўйилгани ва яқин йилларда япон тили факултети очилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Бу эса ёшларнинг Японияда ишга жойлашиш имкониятларини оширади.

Шунингдек, университет раҳбарияти халқаро ва япониялик малакали профессорларни жалб этаётгани туфайли яқин йилларда Тошкент Кимё халқаро университетидан кўплаб юқори малакали мутахассислар етишиб чиқишини кутиш мумкин деб ўйлайман», дейди элчи Ҳатори Такаши.

Ташриф давомида ёшларни замонавий касблар бўйича тайёрлаш, уларни Японияда ишга жойлаштириш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Элчи ўзбекистонлик ёшлар учун япон тилини мукаммал ўрганиш нафақат иш топиш, балки халқаро компанияларда муваффақиятли фаолият юритиш учун муҳим эканини таъкидлади.

Шунингдек, Япония элчиси университет ҳузурида ташкил этилган япон тили тўгарагига ташриф буюрди ва у ерда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан япон тилида мулоқот олиб борди.

Ташриф давомида элчи Тошкент Кимё халқаро университети қошида фаолият олиб бораётган Kimyo University Hospital клиникаси билан ҳам яқиндан танишди. У ерда ташкил этилган замонавий ўқув-амалий лабораториялар, клиник амалиёт заллари ҳамда талабаларга мўлжалланган янги ётоқхона биноларини кўздан кечирди. Улар орқали талабаларга яратилган кенг амалий имкониятларни юқори баҳолади.

Университетнинг япон тили ўқитувчиси Ужие Юта ўзбек ёшларининг тил ўрганиш салоҳиятини юқори баҳолади:

«ўзбекистонлик ёшлар кўп тилли муҳитда улғайгани боис чет тилларини, жумладан, япон тилини ўрганишда юқори қобилиятга эга. Шу сабабли улар япон тилини тез ва аниқ талаффуз билан ўзлаштира олади. Бироқ ҳозирги кунда ёшлар кўпинча телефон ва ижтимоий тармоқларга ҳаддан ташқари кўп вақт ажратаётгани уларнинг тил ўрганиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда.