The New York Times газетаси 12 июл куни Курск областининг 2024 йил августидан 2025 йил мартига қадар украин армияси томонидан ишғол қилинган қисмидан репортаж тайёрлади. «Ўлим манзараси: Украина Россияга бостириб кирган жойдан нималар қолди» сарлавҳали материал журналист Нанна Ҳайтманн муаллифлигида ёзилган. Бу ғарб медиасида фронтнинг Россия томонидан репортаж эълон қилиниши билан боғлиқ камёб мисолдир. Мақола Украина ҳукумати вакилларининг ғазабини келтирди, улар Ҳайтманн Россия пропагандасини қўллайди деб ҳисобламоқда. The New York Times (Америкадаги либерал нашр)да эълон қилинган репортажни чеченларнинг «Ахмат» бўлинмаси командири Апти Алаудинов мақтади.
Нанна Ҳайтманн — немис журналисти, Magnum фотографлар кооперативи аъзоси, Ёқутистондаги ўрмон ёнғинлари фотосуратлари учун 2022 йилги World Press Photo мукофоти лауреати ҳамда Путин даврида ўсган россиялик ёшлар ҳақидаги давомли фотосуратлар учун 2024 йилги Пулитцер мукофоти финалчиси. У Москвада яшаб, ижод қилади.
The New York Times газетасида Ҳайтманнинг уруш давридаги Россия ҳаёти тўғрисидаги материаллари (масалан, Хитой модаси ҳамда урушдан қайтган аскарлар реабилитацияси ҳақида) олдин ҳам эълон қилинган. Шунингдек, Ҳайтманн Сурия ва Тожикистон тўғрисида материаллар чиқартирган. Унинг ишлари Time, Le Monde, Stern ва бошқа сифатли нашрларда ҳам берилган.
Ҳайтманн Курск областига 2025 йил мартида, Суджа райони маркази озод этилиши биланоқ келган. У бу шаҳарчада олти кунни ўтказган.
Ўз репортажида Ҳайтманн вайрон бўлган уйлар, кўмилмаган жасадлар, ҳамма ёқда сочилиб ётган ва портламай қолган ўқ-дорилар, ўқлар илма-тешик қилган машиналар, ўқ ва портлаш овозлари, чиришдан чиқаётган ҳидларни тасвирлайди. У маҳаллий аҳоли ўзининг оғир аҳволга тушиб қолгани учун нафақат украин армияси, балки Россия ҳукуматини ҳам айблайди.
Маҳаллий аҳоли вакили Оксана Лободова журналистга ўз синглиси оккупация остида яшашни истамасдан Черкасское Поречное қишлоғидан Курск шаҳрига кетгани, онаси эса қўшни Русско Поречное қишлоғида қолганини айтади. Кейинроқ онанинг жасади уй ҳовлисидан топилган — расмий маълумотга кўра, у осколка тегишидан ҳалок бўлган. Аёл 68 ёшда бўлган. «Одамлар омон қолишининг қандайдир йўли бормиди? Етти ой давомида совуқ кунларда сувсиз, егулик, дори-дармон ва электрсиз яшашга тўғри келган. Бемор пенсионерлар. Уларни ўлдиришдими ёки ўзлари ўлишдими, бунинг нима фарқи бор? Уларни шунчаки ўз ҳолига ташлаб қўйишган», — дея Лободованинг сўзларини келтирган Ҳайтманн.
















