Қашқадарё вилояти, Кўкдала тумани Еттитом шаҳарчаси ҳудудида кучли портлаш содир бўлди. Kun.uz обуначиларининг хабар беришича, бугун, 16 июль куни 14:30лар чамасида ҳудуддаги катта ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида портлаш содир бўлган. Портлаш бир нечта объектда кузатилган, олов баландлиги ўнлаб метрга кўтарилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, бугун соат 14:40ларда Қашқадарё вилояти ФВБга, Кўкдала тумани, «Олтиндала» МФЙда жойлашган газ қуйиш шохобчаси ҳудудида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Хабарга асосан, ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига 14:45 да етиб бориб, ёнғин соат 15:00 да ўраб олинган ва ҳозирда уни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Вазият тўлиқ Қашқадарё вилояти ФВБ назоратида. ФВБ газ қуйиш шохобчасида портлаш бўлгани ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот бермади.














