Бавария Алпларида «Бургут уяси» номли тарихий бино ёниб кетди – бу уйдан 1930-йиллар охирида фашистик Германия раҳбари Адолф Ҳитлер фойдаланган.
Ёнғин 23 октябр куни кечқурун бошланган ва тонгга қадар давом этган. Маҳаллий полиция тоғ тепасидаги ушбу уйга етиб боришдаги мураккабликлар ёнғинни ўчиришга халақит берганини маълум қилган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига етиб борганида уй аланга ичида қолганди. Уни ўчириш учун ўт ўчириш хизматининг 200 га яқин ходими жалб этилган.
Полициячилар уйга ўт қўйиб юборилгани ҳақидаги версияни кўриб чиқмоқда. Уй яқинида турган бир киши қўлга олинган, ҳозирда полиция унинг воқеага алоқадорлигини текширмоқда.

Келштайнҳаус деб номланган ва кўпроқ «Бургут уяси» номи билан машҳур бўлган бу уй 1937-38 йилларда нацистлар раҳбариятининг Оберзалцберг тоғли районидаги ёпиқ комплекси ҳудудида қурилган ва Адолф Ҳитлернинг қароргоҳларидан бири ҳисобланган.
Денгиз сатҳидан 1834 метр баландликдаги бу бино аввалига хорижий меҳмонларни қабул қилиш учун майдон сифатида фойдаланиши кўзланганди, аммо амалда Ҳитлер ва унинг яқинлари учун дам олиш маскани бўлиб қолади.
Ҳитлер айнан шу ерда ҳарбий қўмондонлар билан биргаликда 1941 йилда СССРга бостириб кириш режаси тузилган учрашувини ўтказганди. Бундан ташқари, бу ҳудуддан у жониворлар ва табиатни севувчи инсон сифатида тасвирланган тарғибот филмларини суратга олиш учун фойдаланилган.
Бино Ҳитлер даврининг 1945 йилги бомбардимонлардан кейин сақланиб қолган кам сонли ёдгорликлардан бири эди. Кейинроқ бу уруш ҳақидаги филмларда фойдаланиладиган муҳим жойлардан бири бўлиб қолади.

Шунингдек, сайёҳлар орасида машҳур бўлган зиёратгоҳлардан бирига айланганди. 1952 йилдан буён бу ер сайёҳлар учун ресторанига эга тоғ уйи сифатида хизмат қилиб келган.

















