Жамоатчиликка очиқланмай, тўғридан тўғри парламентга киритилган қонун лойиҳасида нашриётлар учун бош муҳаррирнинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва мажбуриятлари белгиланаётгани айтилмоқда. Kun.uz'га интервю берган соҳа эгаларига кўра, ҳужжат билан китобларга маънавий-маърифий, эстетик талаблар қўйилмаган. “Амалдаги қонунга кўра, китобларга цензура мумкин эмас. Муҳокамада қатнашганлар айтишдики, бу пункт бўйича ҳеч қанақа ўзгариш йўқ”, – дейди суҳбатда қатнашган мутахассислардан бири.

“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳаси Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидан Сенатга юборилди. Ҳужжат 3 ўқишда 7 ҳамда 15 июл саналарида кўриб чиқилган. Бу билан нашриётларда бош муҳаррирнинг ҳуқуқий мақоми, қолаверса, вазифа, мажбуриятлари белгиланиши кутилмоқда.

Лойиҳа жамоатчиликка эълон қилинмаган. Қуйи палатанинг расмий саҳифаларида берилган маълумотларга кўра, ҳужжат ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва эстетик талабларга мос келмайдиган адабиётлар чоп этилишининг олдини олишга, қолаверса, китобларда тарихий, илмий ва оммавий маълумотлар аниқ бўлишига қаратилган (айни вақт хабар таҳрирланиб, ўзгартирилган).

Лойиҳа жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлди. Айрим фаоллар бу билан нашриётларга цензура жорий этилишидан хавотирда. Kun.uz мавзу атрофидаги саволларга жавоб олиш, қолаверса, ҳозирда соҳадаги вазиятни таҳлил қилиш учун бир нечта нашриёт эгалари билан суҳбат уюштирди.

Унда Ўзбекистон нашриёти бош муҳаррири Муҳиддин Омон, Ўзбекистон ноширлар ва китобсавдо миллий ассоциацияси кенгаши раиси Эркин Абдураҳмонов ҳамда “Asaxiy books” лойиҳаси асосчиси Фируз Аллаев иштирок этди. Қуйида интервюдан қисқа шарҳ келтирилади.

Ҳужжат билан нима назарда тутиляпти?

Дастлаб Муҳиддин Омон қонун лойиҳасида нималар назарда тутилаётганини тушунтираркан, унинг цензурага дахли йўқлигини айтди.

“Ўша киритилаётган ўзгартиришлар асосан нашриёт фаолиятида бош муҳаррирнинг ҳуқуқий мақомини, унинг бўлиши муқаррарлигини, вазифаларини – умуман нашриёт фаолиятига амалдаги тартиб-қоидаларга масъул бўлган шахсни белгилаш билан боғлиқ. Тасаввур қилинг, ҳар қандай нашриёт муайян йўналишдаги китобларни чоп этишга ихтисослашган бўлади. Айтайлик, унга бутунлай ўзига ихтисослашмаган бир йўналишдаги китоблар [учун] ҳам мурожаат келиб тушади.