Марказий банк Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан кафолатланган омонатлар бўйича компенсациялар тўлаш тартиби ва шартларини белгилашни назарда тутувчи низом лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ҳужжатда компенсацияларни тўлашга тайёргарлик кўриш, кафолатланадиган омонатлар ва компенсация миқдорини аниқлаш, омонатчилар реестрини шакллантириш, шунингдек Омонатларни кафолатлаш агентлиги, банклар, тугатувчи ва агент-банклар ўртасидаги ҳамкорлик тартиби белгиланмоқда.
Лойиҳага кўра, банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олиниб, банкни мажбурий тугатиш тўғрисида Марказий банк қарори қабул қилиниши «кафолатлаш ҳодисаси» ҳисобланади.
Шундай ҳолат юз берганда омонатчи Агентликдан кафолатланган омонати бўйича компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Компенсация миллий валютада тўланади. Агар омонат чет эл валютасида бўлса, компенсация кафолатлаш ҳодисаси юз берган кундаги Марказий банк курси бўйича сўмга қайта ҳисобланади.
Лойиҳада бир банкда бир омонатчига тўланадиган компенсациянинг энг юқори миқдори 200 млн сўм этиб белгиланмоқда.
Агар кафолатланган омонат қолдиғи 200 млн сўм ёки ундан кам бўлса, унинг тўлиқ миқдори компенсация қилинади. Омонат 200 млн сўмдан кўп бўлса, компенсация 200 млн сўмни ташкил этади.
Бир омонатчининг бир банкда бир нечта кафолатланган омонати бўлса, компенсацияни аниқлашда улар жамланади. Чет эл валютасидаги омонатлар ҳам сўмга қайта ҳисобланиб, миллий валютадаги омонатларга қўшилади.
Мазкур 200 млн сўмлик чегара жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг 2025 йил 19 февралдан бошлаб қўйилган тегишли омонатларига нисбатан қўлланилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, жисмоний шахсларнинг 2025 йил 19 февралдан олдин қўйилган омонатларига ушбу чегара умумий қоида тариқасида татбиқ этилмайди. Лойиҳада бундан айрим истиснолар ҳам белгиланган.
Низом лойиҳасига кўра, жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг банкларда миллий ва чет эл валютасидаги омонатлари кафолатлаш объекти ҳисобланади.
Банк омонати ёки банк ҳисобварағи шартномаси бўйича ҳисобланган, аммо кафолатлаш ҳодисаси юз бергунига қадар тўланмаган фоизларнинг қолдиғи ҳам белгиланган шартларда ҳисобга олинади.







