“Аёл барчасини уддалай олади, лекин эркакнинг масъулиятини у ёполмайди” — Дилдора, 41 ёш, Наманган
Дилдора 16 ёшли ўғлини ва 14 ёшли қизини ёлғиз катта қилган. Унинг фикрича, ҳар қанча меҳр, фидойилик билан тарбия қилинса-да, болага эркак шахсдан намуна бўлиши керак.
“Мен боламга яхши она бўлдим, лекин яхши ота бўла олмадим. Унга қатъиятлилик, эркакча қарор қабул қилишни ўргатишга ҳаракат қилдим, лекин шуни англадимки, отанинг ўрни бошқача. Шунинг учун уни жияним, акам билан кўп мулоқотда бўлишига эътибор бердим.
Аммо қизим масаласида жуда қийналдим. Ўғилдан кўра қизларга ота меҳри, эътибори жуда керак экан. Оталардан илтимос қилардим, ажримдан олдин “менинг қизим бу меҳрни, эътиборни қаердан, кимдан олади?” деб ўйлаб кўришларини. Турмуш ўртоғим бошқа оила қилган, лекин илтимос қилдим қизим билан муносабатни йўлга қўйишини, ўзим ташкиллаштирдим бирор жойда бирга овқатланишларини. Шундан кейин қизимда яхши тарафга ўзгариш сездим. Хотиржамлик пайдо бўлди унда. Ўқишида, орзуларида ўзгариш бўлди”.
“Ёлғиз аёлларда айбдорлик ҳисси кўп бўлади” — Фотима, 35 ёш, Тошкент
“Қизимни уч ёшидан бери ёлғиз тарбиялаяпман. Турмуш ўртоғим автоҳалокат туфайли дунёдан ўтиб қолди. Аввалига жуда қийналдим: ҳам иш, ҳам бола, ҳам одамларнинг гап-сўзи... Энди эса ўйлайман: шу пайтгача оғир кунлар бўлмаганида, шундай кучли она бўла олмасдим.
Ҳар кеч, ухлашдан аввал қизимни қучоқлайман. Унга “сен менга туҳфасан, сен борлигинг учун дунё менга шунчалик чиройли кўринади. Сендан куч оламан” дейман. Биз тўлиқ оила эмасмиз, аммо она-болалик муҳаббатимиз тўлиқ. Қизимда ҳам ҳеч қандай ортиқча комплекслар йўқ. Мактабда фаол, китобхонлик мусобақаларида ғолиб бўляпти, синфдошлари билан жуда яхши чиқишади.
Менимча, ёлғиз боши билан болаларини катта қилаётган аёлларда айбдорлик ҳисси уларга фарзанд тарбиясида халақит беради. Аёл ўзини “мен болам учун етарли эмасман” деб ўйласа, буни бола ҳам ҳис қилади. Шундай деб ўйламаслик керак – бу тақдир ахир, пешонада ёзилганидан қочиб бўлмайди. Ўзини кечириш, тақдирни қабул қилиш ва олдинга қараб яшаш лозим”.
“Фарзандларимга ҳаётдаги энг катта таянч бўлишга ҳаракат қиляпман” — Наргиза, 34 ёш, Самарқанд
“Биринчи йил жуда оғир ўтди. Ўзим йиғлардим, лекин боламни кулишга ўргатардим. Бошқа иложим йўқ эди - ўзимни тўғри ушлашга, кучли кўрсатишга ҳаракат қилдим. Қизларим ҳеч қачон ўзини кам ҳис қилмаслиги учун уларнинг муҳитига эътибор қаратдим – боғча, рақс тўгараги, дадасининг ўрнини босадиган амакиси, бобоси иштирокини таъминладим”.







