2027 йилги ФИФА аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати қитъалараро плей-офф турнирининг дастлабки босқичига қуръа ташланди.
Унга кўра, Ўзбекистон аёллар миллий жамоаси саралашнинг ушбу босқичида Папуа Янги Гвинея, Гана ва Жанубий Африка Республикаси жамоалари билан баҳс олиб боради.

Дастлабки босқич 2026 йилнинг ноябр–декабр ойларида марказлаштирилган битта манзилда ташкил этилади. Дастлабки босқич якунига кўра 2 та терма жамоа финал плей-офф босқичига йўл олади.
Ҳал қилувчи плей-офф босқичи 2027 йил феврал ойида марказлашган ҳолда ўтказилади. Унда дастлабки босқичдан чиққан икки жамоага КОНКАКАФдан 2 та, КОНМEБОЛ ва УЕФАдан биттадан жамоа қўшилади.
Жами 6 та миллий жамоа қуръа орқали 3 та йўналишга тақсимланади. Ҳар бир йўналишда биттадан ҳал қилувчи плей-офф учрашуви ўтказилади. Ушбу учрашувларда ғалаба қозонган 3 та жамоа аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.
Аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 2027 йил 24 июн – 25 июл кунлари Бразилияда бўлиб ўтади.









