13 август куни қабул қилинган ЎРҚ–1164-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Оила кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, болага отасининг исми фамилия сифатида берилиши мумкин. Шунингдек, ота ёки она томонидан миллий анъаналарга мувофиқ бобосининг исми бўйича ҳам фамилия беришга рухсат этилади.

Аввал амалдаги Оила кодексида отанинг исмини болага фамилия сифатида бериш назарда тутилмаган эди.

Қонун билан «Архив иши тўғрисида»ги қонунга ҳам қатор қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ, электрон архивлар ҳамда нодавлат архивларни ташкил этиш тартиби белгиланди.

Электрон архивлар учун аппарат-дастурий таъминот, ҳужжатларни рақамлаштириш воситалари ва дастурлари мавжуд бўлиши талаб этилади. Шунингдек, архив ҳужжатларини қидириш, бошқариш ва уларга ишлов бериш имконияти яратилиши керак.

Бундан ташқари, электрон шаклдаги ҳужжатнинг асл архив ҳужжати билан бир хиллигини таъминлаш, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя қилиш белгиланди.

Қонунга кўра, Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмига киритилган ҳужжатлар ҳамда давлат мулки ҳисобланмайдиган бошқа архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун нодавлат архивлар ташкил этилиши мумкин.

Шунингдек, Адлия вазирлигининг архив иши соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб берилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.