Азизлар, биласизми, биз жуда ёмон даврда яшаяпмиз. Бир қарашда инсон чинакам замонавий ҳаётга қадам қўйган, давлатлар яхшироқ яшаш борасида мусобақалашаётгандек. Лекин инсон идроки ўрнини сунъий идрок эгаллаётган ултразамонавий дунёда ҳукмдорлар ҳамон ҳукуматни сақлаб қолиш учун жанг қилмоқда. Бунинг номини ҳукумат узурпацияси десак, хато бўлмайди. Қуйида Бинямин Нетаняҳунинг баёнотлари мисолида дунёда жуда ёмон тенденция авж олаётганига тўхталамиз.

Исроил «араблар ҳимоясида»

Кўзингиз тушган бўлса керак, охирги кунларда Исроил Сурияни зўр бериб бомбаламоқда. Жўланий бошчилик кучлар Сурияда Башар Асадни ағдарганидан буён Исроил доимий тарзда бу давлатни бомбардимон қилиб келади. Охирги ҳужум вақтида Мудофаа вазирлиги биноси нишонга олинди.

Бу жиддий ўзгариш, чунки Исроил ҳаво кучлари одатда Асад армиясидан қолган қурол омборлари ва бошқа ҳарбий нишонларга ракета учирарди. Бу гал янги шаклланган, кимсан Трамп кўришиб легитимлигини тасдиқлаган ҳукуматга тегишли мудофаа вазирлиги биносини нишонга олинди. Бу жуда жиддий ҳолат. Эътибор берган бўлсангиз, аввалги ҳужумларни Сурия томони номигагина қоралаб қўйганди, лекин бу гал Аҳмад аш Шараа Исроил манзилига кескин гаплар айтиб, «керак бўлса урушга тайёр эканини» айтди.

Бинямин Нетаняҳу охирги чиқишида Сурияга берилаётган зарбалардан мақсад у ердаги друзларни ҳимоя қилиш эканини айтди. «Биз режани аниқлаштириб олдик: Дамашқ жануби – Жўландан Друз тоғигача бўлган ерлар демилитаризация қилинади. Друз тоғида друз дўстларимизни ҳимоя қиламиз», деди Нетаняҳу.

Баёнотдаги демилитаризация деган сўзга эътибор берган бўлсангиз керак. Мен демилитаризация деган иддао билан уруш бошлаган, дарвоқе, Нетаняҳу билан жуда яхши келишадиган, европалик бир сиёсатчини ҳам биламан. Ўша сиёсатчи «демилитаризация қилишни истаган» қўшниси уруш бошланган вақтда аскарларига каска етказа олмайдиган ҳолатда эди, уч йил ўтиб дунёдаги энг замонавий қуроллар билан «оғзи-бурнигача қуролланди». Ўша давлат ҳозир мактаб болаларига дронда танкни портлатишни ўргатмоқда. Мана сизга демилитаризация.

Энди Нетаняҳунинг «Сурияни демилитаризация қилиш» даъвосига қайтсак. Эмишки, Исроил гўёки «у ерда яшайдиган друзларни ҳимоя қилиш учун» операция бошлабди. Друзлар бу – арабларнинг бир тури, улар эътиқод жиҳатдан Суриядаги бошқа араблардан фарқ қилади холос. Диққат қилинг, Ғазода 60 мингга яқин арабни ўлдирган Исроил Сурияда «арабларни ҳимоя қилиш учун» сал бошқачароқ арабларга ҳужум қилибди.