Исроил қўшинлари Ғазо секторининг марказий қисмидаги Дайр-ал-Балаҳ шаҳрида – 20 ойдан ортиқ ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмаган ҳудудда қуруқлик ва ҳаво орқали янги амалиёт бошлади.

Бу тинч аҳоли, жумладан, деярли икки йилдан бери давом этаётган можаро туфайли илгари ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганлар орасида кўчишнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди.

Амалиёт душанба куни эрта тонгда, Исроил ҳарбийлари шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги олтита турар жой мавзеси аҳолисини эвакуация қилишни буюрганидан бир неча соат ўтиб бошланди.

Ҳозир бу ҳудудда Ғазо жанубидаги Рафаҳ ва Хон Юнусдан келган минглаб қочқинлар бор.

Якшанба куни Исроил ҳарбийлари Дайр-ал-Балаҳнинг жануби-ғарбидаги юз минглаб кўчирилган ғазоликлар бошпана топган бир қанча туманлар аҳолисига уйларини тарк этиб, жанубга йўл олишни буюрган варақаларни ҳаводан ташлаганди.

Исроил армияси матбуот котиби Авихай Адраи Х ижтимоий тармоғидаги хабарида Исроил Дайр-ал-Балаҳ атрофида, жумладан, «илгари операция ўтказилмаган ҳудуд»да «ўз фаолиятини кенгайтираётгани» ҳақида ёзган. У фаластинликларни «ўз хавфсизлиги учун жанубга, Ўрта Ер денгизи соҳилидаги ал-Мавоси ҳудудига кўчиш»га чақирди.

ЦАҲАЛ баёнотида айтилишича, «Исроил мудофаа кучлари душман салоҳияти ва ҳудуддаги террорчилик инфратузилмасини йўқ қилиш учун катта куч билан ҳаракат қилишда давом этмоқда».

Ali Jadallah/Anadolu via Getty Image

Маҳаллий журналистлар BBC мухбирига маълум қилишича, Исроил танклари ва ҳарбий машиналари артиллерия ва авиация ниқоби остида «Кисуфим» назорат-ўтказиш пункти орқали шаҳарга кирган.

Уларнинг хабарларига кўра, Исроил ҳарбийларининг ҳужумига артиллерия зарбалари ҳамроҳлик қилган. Ижтимоий тармоқларда Исроил қўшинларининг олдинга силжиши фонида портлашлар ва отишма овозлари акс этган видеоёзувлар пайдо бўлди.

Душанбага ўтар кечаси Ғазо жанубидаги нисбатан хавфсиз ҳудудлардан бирига айланган ал-Мавоси туманига минглаб кишилар қочиб ўтган.

BBC’​​нинг минтақадаги мухбирлари хабар беришича, эвакуация тўғрисида якшанба куни берилган буйруқ қочқинлар орасида катта ваҳимага сабаб бўлган.