Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Магистратура ва докторантурага ҳужжат топширишда тил сертификати талаби бекор қилинмади
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ижтимоий тармоқларда шу мазмунда тарқалган хабарларни рад қилди.
Магистратура ва докторантурага ҳужжат топширишда хорижий тилни билиш сертификати талаби бекор қилинмаган, деб хабар берди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги. Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда шу мазмунда тарқалган хабарлар асоссиз.
«Ижтимоий тармоқларда 2025 йил 19 июлдаги ПФ–114 президент фармони нотўғри талқин қилинмоқда. Мазкур фармон билан айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди ва баъзиларининг айрим бандлари ўз кучини йўқотди. Хусусан, 2021 йил 19 майдаги ПҚ–5117 қарорнинг 6-банди тўртинчи хатбошиси чиқариб ташланди. Ушбу бандда магистратура ва докторантурага ҳужжат топширишда хорижий тил сертификати талабининг илк жорий этилиши назарда тутилган эди. Бироқ, мазкур норманинг чиқариб ташланиши хорижий тил бўйича сертификатлар талаби бутунлай бекор қилинди дегани эмас», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, 2024 йил 24 майдаги ПФ–81 президент фармони билан магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар қуйидаги даражаларда талаб этилиши белгиланган:
- хорижий тиллар йўналишлари бўйича — камида C1 даражасида;
- гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича — камида Б2 даражасида;
- бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари бўйича — камида Б1 даражасида.
Шу сабабли Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификатлар талаби ҳозир ҳам амалда эканини эслатди.