Veolia Energy Таshkent компанияси Ўзбекистонда олиб борган уч йиллик фаолиятини якунлаб, натижаларни сарҳисоб қилмоқда.

Уч йил ичида катта ишлар амалга оширилди: рақамли ечимлар жорий этилди, қозонхоналар ва иссиқлик пунктлари модернизация қилинди, ёпиқ иссиқлик тизимига ўтиш бошланди — булар энди режа эмас, балки шаҳарнинг янги сифатдаги инфратузилмасини шакллантираётган аниқ амалий ишлардир.

Компания очиқ тан оладики, модернизация йўли ҳар доим ҳам муаммосиз бўлмайди. Бироқ Veolia Energy Tashkent олдинга қараб ҳаракатни давом эттирмоқда — ўз хатоларидан сабоқ олиб, аҳолига нисбатан масъулият билан ва Тошкентдаги иссиқлик таъминотини замонавий, барқарор ва хавфсиз қилишга қатъий қарор билан.

Янги қозонхоналар: кўпроқ иссиқлик ва ишончлилик

2022 йил июлидан бери Veolia Energy Tashkent Тошкентнинг марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини босқичма-босқич модернизация қилиш ишларини олиб бормоқда. Мақсад — тизимни ишончли, энергия самарадор ва экологик хавфсиз қилиш. Бектемир ва Сергели туманларида иккита замонавий ёпиқ турдаги қозонхона қурилди, 144 та индивидуал иссиқлик пунктлари (ИИП) ўрнатилди. Улар иссиқликни автоматик равишда тартибга солади. Захира генераторлар ва фавқулодда ёқилғи тизимлари туфайли қозонхоналар ҳатто электр узилишида ҳам ишлашда давом этади.

Ёпиқ тизим доирасида иссиқлик қувурларидаги сув энди квартираларга тўғридан-тўғри келмайди — ИИП иссиқликни иссиқлик алмаштиргич орқали узатади. Бу эса иссиқ сув сифатини оширади, иссиқлик йўқотилишини камайтиради, ускуналар умрини узайтиради ва харажатларни камайтиради.

Бектемирдаги “Водник” массивида 30 МВт қувватли янги қозонхона 9000 дан ортиқ аҳолини иситиш билан таъминлайди. У 1984 йилда қурилган эски станцияни алмаштирди. Янги ускуналар 79 та кўп қаватли уй ва 14 та ижтимоий объектни ишончли иссиқлик билан таъминламоқда. Ёпиқ тизим иссиқ сув сифатини оширди, қувурлар умрини узайтирди ва квартиралардаги ҳароратни янада аниқ назорат қилиш имконини берди. Энергия тежамкор технологиялар ва иссиқлик изоляцияланган қувурлар туфайли газ истеъмоли 22%, электр истеъмоли 20% камайди, иссиқлик ва сув йўқотилиши эса деярли 1,5 баравар камайди.

Сергелининг “Қурувчилар” массивида 18 МВт қувватли янги қозонхона 7400 аҳолига хизмат кўрсатмоқда. У 1985 йилдаги эски қозонхонанинг ўрнини эгаллади. Энди 29 та уйда истиқомат қилувчилар барқарор иситиш ва сифатли иссиқ сувга эга. Янги технологиялар туфайли газ истеъмоли 21%, электр энергияси 42% га, иссиқлик ва сув йўқотилиши эса минимал даражага тушди. Янги тизим об-ҳаво шароитига қараб ҳароратни автоматик созлайди ва масофадан бошқарилади. Натижада — қулайлик, тежаш ва ишончлилик йил давомида таъминланмоқда.