Тошкентда иссиқ сув қувури босим билан синаш пайтида ёрилиб кетди. Хайриятки, талафотлар фақат моддий, бахтли тасодиф сабаб ҳеч кимга жиддий шикаст етмади. Сал қолса, осмонга учган тротуарнинг бетон плитаси одамни босиб қолиши ҳеч гап эмасди. Хўш, шаҳарда инсонлар ҳаёти тасодиф ихтиёрига ташлаб қўйилганми? Kun.uz бу ҳақдаги саволлар билан масъулларга юзланди.
10 июл куни Шайхонтоҳур тумани Фаробий кўчасида тротуар остидан ўтган иссиқ сув қувури ёрилиб, портлашга олиб келди. Воқеа куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида, қувурларни одатий босим остида синаш вақтида рўй берди.
Кузатув камераларидан олинган видеолардан кўринишича, тротуарда турган пиёдадан бир неча қадам нарида тротуарнинг бетон плитаси отилиб, ўткинчи автомобилни босиб қолишига бир бахя қолган – агар портлаш светофорнинг қизил фазасида рўй берганида, шундай бўлиши тайин эди.
Бошқа бир видеода портлаш натижасида ҳосил бўлган қуюқ чанг ичидан бир неча киши жон ҳолатда, бошини чангаллаганча югуриб чиқаётгани кўринади.
ФВВ ахборотига кўра, уч киши енгил жароҳатланган. Бир неча автомобил ва бинога зарар етган. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, гувоҳлар ва масъуллар билан суҳбатлашди.
Veolia Energy'нинг Олмазор тумани бўлим бошлиғи Бахтиёр Расуловга кўра, етказилган зарарлар компаниянинг суғурта бўйича ҳамкори томонидан қоплаб берилади.
“Қишда ёрилиб кетмаслиги учун, қувурлар 30-40 йилдан бери мана шу тарзда синаб келинади. Тажрибамда бундай ҳолатлар аввал ҳам бўлган. Бир неча йил олдин сал нарироқда ҳам шундай портлаб, сув баландга отилган. Юнусободда ҳам ёрилиб, фонтан бўлиб кетган.
Ўзи 16 атмосфера босимга синамоқчи эдик, лекин унгача чиқмади, 12,6–12,8 атмосферада ёрилиб кетди. Ҳар битта трубанинг хизмат муддати бор, бир неча ўн йил. Биз муддатидан олдин уни алмаштира олмаймиз, чириган жойлари бор-йўқлигини мана шунақа обпрессировка билан синаб оламиз. Мана, ҳозир чириган жойи чиқди.
Бунақа синов бутун шаҳар ҳудудида бўлади. Зарар етказилган ҳолатлар бўйича актлар тузамиз, суғуртамиз бор, шу суғурта компанияси тўлаб беради, фақат далолатнома асосида.
Белгиланган тартиб бўйича, синов ўтказилаётганда маълум бир масофаларда ходимларимизни жойлаштирамиз. Бу ерда ҳам ходимимиз турган, у одамларга: “Нарироққа ўтинглар, бу ерда синов бўляпти” деб айтдим деяпти. Нима учун бу ходимларни қўямиз? Сабаби, ёрилиб кетса, зудлик билан иссиқ сувни ўчиришимиз керак”, – деди Бахтиёр Расулов.







