Ушбу подстанция Олмазор ҳамда Тошкент туманларига электр етказиб беради. 2023 йилдан бери кузатилаётган авариялар туфайли истеъмолчилар электрдан узилиб қоляпти. Хусусан, шу йилнинг июн ойида 3 марта авария кузатилди. Масъулларнинг Kun.uzʼга айтишича, ҳозир ишлаб турган қурилмаларнинг кўпи эскиргани, истеъмол кўрсаткичининг ошгани аварияларни келтириб чиқаряпти.

“Сағбон” подстанцияси 1967 йилда ишга туширилган. Трансформаторлар 1991-1993 йилларда ва охирги марта 2023 йилда алмаштирилган. “Битта трансформаторнинг ишлаш муддати 25 йилни ташкил этади. Бу қурилмалар совет давридан қолган бўлиб, катта юкламага мўлжалланмаган. Ҳозир президентнинг 91-сонли қарорига кўра, реконструкция ишларини олиб боряпмиз”, - дейди Олмазор тумани электр таъминоти корхонаси муҳандиси Абдурашид Абдураззоқов.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда электр энергияси истеъмоли ортган, бу кўпроқ кондиционер ишлатиш билан боғлиқ.

“Бу трансформаторга жуда катта юклама олиб келади. Трансформаторлар куннинг иссиғида қизийди, “нагрузка” ҳисобига ундан ҳам кўпроқ қизийди. Ҳозир реконструкция-модернизация ишлари олиб борилаётгани сабабли битта трансформатор “нагрузка”да ўтирибди. Шунинг учун 2 соат ўчиришга мажбур бўляпмиз. Авариявий ҳолатларга келадиган бўлсак, подстанцияда июн ойида 3 марта авариявий ҳолат рўй берди. Ишлатаётган қурилмаларимизнинг эскиргани, истеъмол қувватининг ҳаддан ташқари ошиши аварияларга сабаб бўляпти”, - дейди Абдураззоқов.

Шу пайтгача 2 та 25 000 кВлик трансформатор 40 000 кВлигига алмашган. Лекин эски қурилмалар тўлиқлигича янгиланмаган.

“Шунинг учун авариявий ҳолатлар бўлиб турибди. Сентябргача Сағбон подстанциясида реконструкция-модернизация ишларини тўлиқ битиришни мўлжаллаганмиз”, - дейди Олмазор тумани электр таъминоти муҳандиси.

Муҳандисга кўра, айни вақтда 35 кВлик қурилмалар, аҳолига чиқадиган 10 кВ крун ячейкалар (ташқи ўрнатиш учун мўлжалланган, юқори кучланишли электр қурилмалари) ҳамда кабел тармоқлари янгиланади.

“Шу подстанциямизда реконструкция-модернизация ишлари тугаганидан сўнг бунақа ҳолатлар қайтарилмаслигига ҳаракат қиламиз. Модернизация ишлари бўйича озгина ўчиришга мажбур бўляпмиз. “Нагрузка”ни тўғри тақсимлаш ва подстанцияни авариявий ҳолатдан сақлаш учун”, - дейди у.