Тошкент шаҳрида вазирлик ва идораларга тегишли еттита маъмурий бино жами 868,8 млрд сўмга сотилди. Сотилган объектлар қаторидан Транспорт вазирлиги, Спорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Туристларга хизмат кўрсатиш маркази” ДУК, Автомобил йўллари қўмитаси, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳамда Давлат хизматлари агентлигининг бинолари ўрин олган.
Яна 11 та объект 1 095,8 млрд сўмлик бошланғич нархда савдога чиқарилган бўлиб, 20 та объект бўйича сотуволди тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлиги, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларга тегишли бинолар бўйича савдолар давом этмоқда.
Қайд этилишича, биноларни сотиш Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 мартдаги 146-сон қарори доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур қарорда вазирликлар, идоралар ва уларнинг тизимидаги ташкилотларни Янги Тошкент ҳудудига кўчириш, жами 150 та давлат органи ва давлат иштирокидаги ташкилотни жойлаштириш, шунингдек, Тошкент шаҳридаги уларга тегишли 83 та кўчмас мулк объектини очиқ савдоларда, жумладан, ижара ҳуқуқи асосида реализация қилиш назарда тутилган.
Маълумот берилишича, реализация қилиниши белгиланган 83 та объектнинг ярмидан кўпи бўйича жараён бошланган: 7 та бино янги мулкдорларга ўтди, яна 31 та объект тайёргарлик ва савдонинг турли босқичларида.
“Мазкур жараён Янги Тошкентдаги янги маъмурий инфратузилмани шакллантириш ишлари билан параллел равишда амалга оширилмоқда. Объектларни сотишдан тушган маблағлар бевосита ушбу инфратузилмани барпо этишга қайта йўналтирилади. Шу тариқа, вазирлик ва идораларнинг Янги Тошкентга кўчирилиши, жумладан, бўшаётган давлат активларини реализация қилишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилмоқда”, дейилади Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарида.

















