Президент фармонига мувофиқ, эндиликда қарздорлик сабабли электр энергияси ёки табиий газ тармоғидан узилган истеъмолчиларни қайта улаш учун қўшимча тўлов ундирилмайди.
Яъни қайта уланишда маиший истеъмолчилардан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, юридик истеъмолчилардан эса ўн баравари миқдорида тўлов талаб этилмайди.
Бундан ташқари, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларида «намунали истеъмолчилар» учун алоҳида тариф ва тўлов тартиби белгиланди.
Бунда қарзи мавжуд бўлмаган ва замонавий ҳисоблагичлар билан таъминланган истеъмолчиларга қуйидаги имкониятлар яратилди:
ҳисобот ойи бошига қадар 15 фоиз миқдорида олдиндан тўлов амалга ошириш;
қолган тўловларни ой давомида амалга ошириш;
қарздорлик сабабли тармоқдан узилиб қолиш ҳолатлари қоидаларни бузиш ҳолати сифатида баҳоланмаслиги белгиланди.
Шунингдек, табиий газдан фойдаланувчи иссиқхона хўжаликлари учун ҳам алоҳида тўлов тартиби жорий этилди.
Унга кўра, ҳосил йилининг дастлабки 6 ойи — октябрь-март ойларида етказиб бериладиган табиий газ учун:
50 фоиз миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади;
қолган қисми ой якунига қадар тўланади;
кейинги ойлардан бошлаб эса 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади.
Мазкур тартиб аввалги ойда қарздорлиги бўлмаган иссиқхона хўжаликларига нисбатан қўлланилади.
















