Қирғизистонда энди давлат гўшт нархлари устидан назоратни қўлга олади. Қозоғистонда иккинчи ва учинчи АЭСларни Хитой қуриши эълон қилинди Туркманистоннинг Арқадағ шаҳрида янги кўприк очилган, унинг устидан биринчи бўлиб келин-куёв ўтказилди. Тожикистон импортга қарамликни тўхтатмоқчи, давлатда гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш кўпайган. АҚШ Қозоғистонга 25 фоизлик савдо божлари жорий қилди. Афғонистон пойтахтида свет муаммоси, Кобулда бир кунда 18 соатгача электр узилмоқда.

Қозоғистонда Хитой иккита АЭС қуради

Қозоғистон биринчи АЭСни қуришни Россияга топширганидан хабарингиз бор. Энергетик иншоотни қуриш истагида бўлган таклифчи беш давлат ичида Хитой ҳам бор эди. Маълум қилинишича, Хитой Қозоғистондаги иккинчи ва учинчи АЭСни қуради. Буни Қозоғистон ҳукумати ҳам тасдиқлади. 

Бош вазир ўринбосари Роман Склярга кўра ҳозирда Хитой қурадиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ва лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Шунинг учун қурилишнинг аниқ нархи ҳали номаълум бўлиб турибди.

Ҳукуматлараро келишув ва ҳамкорлик шакли бўйича барча масалалар музокара босқичида, кейинчалик улар парламентда тасдиқланади, деди Қозоғистон ҳукумати раҳбарининг биринчи ўринбосари.

Ҳозирда мутахассислар станциялар жойлашадиган ҳудудларни ўрганяпти. Бунда сув таъминоти ва электр энергияси манбаларининг мавжудлиги муҳим мезон бўлади.

Лойиҳани амалга оширувчи Хитой компаниясининг номи ҳали расман ошкор этилмаган. Бироқ катта эҳтимол билан бу ишларни илгари «Росатом» билан биргаликда консорциумларга раҳбарлик қилган China National Nuclear Corporation бажариши мумкин.

Қозоғистонда биринчи АЭС қуриш тўғрисидаги қарор 2024 йилги референдумда қабул қилинган эди. 2025 йилнинг июн ойида Атом энергияси агентлиги учта станциянинг биринчисини «Росатом» қуриши ҳақида хабар берган.

Объектни Олмаота вилоятида жойлаштириш мўлжалланган. Уни 2035-2036 йилларда ишга тушириш режалаштирилган. 2035 йилга бориб Қозоғистон ҳукумати 2,4 гигаватт ядровий қувватни таъминлашни мақсад қилган.

Дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчиларидан бўлган Қозоғистон ҳозирда ўз атом электр станцияларига эга эмас ва ядровий цикл маҳсулотларини истеъмол қилмайди. Бироқ унинг конларидаги уран захиралари дунё захираларининг тахминан 15 фоизини ташкил этиб, фақат Австралиядан кейин иккинчи ўринда турибди.