АҚШ президентининг махсус элчиси Стивен Уиткофф 6 ёки 7 август куни Россия раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш учун Россияга ташриф буюради. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп 3 август, якшанба куни журналистларга маълум қилди.

Трампнинг сўзларига кўра, Уиткофф ҳозирда бор эътиборини Ғазо секторига қаратган. «У, эҳтимол, келаси ҳафта, чоршанба ёки пайшанба куни Россияга кетади. Улар уни кўришни истади, учрашувга таклиф қилди. Демак, нима бўлишини кўрамиз», — деди Трамп.

Агар Россия Украинада тинчлик ўрнатишдан бош тортса нима бўлади, деган саволга Трамп шундай жавоб берди: «Демак, санкциялар бўлади. Лекин улар санкцияларни айланиб ўтишга жуда уста. Шундай қилиб, нима бўлишини кўрамиз».

АҚШ президентининг сўзларига кўра, санкциялардан қочиш учун Москва «одамлар ўлимини тўхтатиш мақсадида битим тузиши» керак. «Биз кўплаб мамлакатларнинг уруш олиб боришини тўхтатдик», деди Трамп Ҳиндистон ва Покистон, Камбоджа ва Таиланд, Конго Демократик Республикаси ва Руандани мисол сифатида келтириб. «Биз бу урушни ҳам тўхтатамиз ва кимдир буни қилиши керак», деди республикачи.