Ўзбекистон | 13:49 / 13.08.2025
8579
5 дақиқада ўқилади

Айрим “уддабуронлар” давлатнинг арзон ресурси ҳисобига пахта “спекуляцияси” билан шуғулланаётгани танқид қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Унда мамлакат иқтисодиётининг 3 фоизини, саноатнинг 14 фоизини яратаётган тўқимачилик тармоғини янада қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Сўнгги беш йилда тармоқда 3,5 миллиард долларлик 396 та йирик корхона ишга тушди, ишлаб чиқариш 10 миллиард долларга етди. Соҳада 500 мингдан ортиқ одам банд. Бу саноатда банд жами аҳолининг 20 фоизига тенг.

Шу билан бирга, соҳада ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари секинлашиши кузатилмоқда, бу эса халқаро вазиятни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқариш, иш ўринлари ва экспортни сақлаб қолиш бўйича тезкор чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Жаҳонда пахта котировкалари 2022 йилдан бошлаб пасайиб кетаётгани кластерлар учун муаммо келтириб чиқармоқда. Сўнгги уч йилда нарх тоннасига 3 минг доллардан 1,5 минг долларга тушди.

Тадбиркорлар эски қарзини янги ҳосил ҳисобидан бир-бирига улаб ёпмоқда. Ушбу вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида 2022-2023 йиллар учун пахта хомашёсига берилган имтиёзли кредит 3 марта узайтирилди, ўтган йилда пахта нархини тушириш учун тоннасига 1 миллион сўмдан субсидия берилди.

Давлат раҳбари жаҳон бозорида нарх кескин тушиши бугун бошланмаганини, иқтисодий комплекс илмий ташкилотлар билан бирга бу борада турли хил сценарийлар ва ечимларни тайёрлаб қўйган бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда толани қайта ишлаш қуввати етарли бўлмаган айрим «уддабуронлар» давлатнинг арзон ресурси ҳисобига пахта «спекуляцияси» билан шуғулланаётгани танқид қилинди.

Тўқимачилик корхоналарининг тижорат кредитидан 2,2 миллиард доллар қарздорлиги бор. Кредитларнинг 90-95 фоизи хорижий валютада, атиги 16 фоиз корхона халқаро сертификатга эга.

«Бундай шароитда корхоналар ташқи бозорда қандай рақобат қилади, кредитини қандай қайтаради?» - дея савол қўйди президент.

Ҳар бир вилоятда 10-15 тадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи борлиги билан уларнинг брендлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, замонавий стандартларга ўтказиш ишлари оқсаётгани кўрсатиб ўтилди.

Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятларида толани қайта ишлаш қувватлари ўзидаги хомашёга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Шундай бўлса-да, ҳокимлар ҳудудий инвестиция дастурини ишлаб чиқишда ип-калава лойиҳаларини таклиф этиб келаётганига эътироз билдирилди.

Хориждаги дипломатик ваколатхоналар тўқимачилик маҳсулотлари экспортига янада фаол кўмаклашиши муҳимлиги қайд этилди.

Президент топшириғига асосан тўқимачиликда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ тадбиркорларнинг фикрлари ўрганилди.

«Уларни қийнаётган масалалар билан тўлиқ танишдим. Ҳозир ечимларини айтаман. Бугундан тўқимачиликда “долзарб юз кунлик” эълон қиламиз», - деди давлат раҳбари.

Аввало, аҳволи ёмонлашган айрим корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва таннархни камайтириш чоралари белгилаб олинди.

Жорий йилда кластерларнинг кредитдан қарздорлигини гаров қўйиш шарти билан 5 йилгача узайтиришга рухсат берилди. Эндиликда гаров қўйган кластерлар фақат асосий қарзни тўлайди.

Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ва банкларга ҳисобланадиган фоизлар эса асосий қарз тўлиқ қопланганидан кейин ундирилади. Бу орқали кластерларда йилига 800 миллиард сўм айланма маблағ қолади. Агар кластерлар ҳам асосий қарз, ҳам фоизини ўз вақтида тўласа, фоизнинг Жамғармага кетадиган қисмининг ярми тадбиркорга қайтарилади.

Кластерларга 2022-2023 йиллар ҳосили учун берилган кредит бўйича 1 август ҳолатига юзага келган 377 миллиард сўмлик пенядан воз кечилади.

Тижорат кредитидан 2,2 миллиард доллар мажбурияти бор бўлган 144 та корхонани соғломлаштириш чоралари ишлаб чиқилади. Фаолиятини барқарорлаштириш мумкин бўлган корхоналарнинг кредит муддати 7 йилгача узайтириб берилади.

Шунингдек, пахтани ўз вақтида, нобуд қилмай териб олиш учун фермерларга тоннасига 1 миллион сўмдан субсидия берилади. Корхоналар ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи қоплаб берилади.

Эндиликда тўқимачилик занжиридаги барча корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади.

Бунда, ижтимоий реестр бўйича талаб бекор қилинади, реализацияда тўқимачилик улушига талаб эса 90 фоиздан 70 фоизга туширилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тола, ип калава ва мато ишлаб чиқарувчи корхоналар учун ҳам бу солиқни енгиллаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид