Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг тўртинчи йилига келиб ҳам асирлар алмашинуви икки давлат ўртасидаги ягона тўғридан тўғри алоқа линияси бўлиб қолмоқда. Бу жаҳон ҳарбий тарихида камдан кам учрайдиган ҳолат: урушаётган томонлар бундай алмашувларни мунтазам ва кенг миқёсда амалга оширмоқда – бу алмашувларда жами 10 мингга яқин киши иштирок этган. The Wall Street Journal Россия ва Украина ўртасида асирларни алмашиш тизими қандай юзага келгани ва қандай ишлаши ҳақида ҳикоя қилади. Газета материали украин ҳарбийлари ҳамда европалик дипломатларнинг интервюларига асосланган – Россия вакиллари эса саволларни жавобсиз қолдирган. «Медуза» ушбу мақоланинг асосий жойларини келтиради.
Асирларни алмашиш учун канал 2014 йилда Минскда Украина шарқида Киев расмийлари ва Россия томонидан қўллаб-қувватланган маҳаллий айирмачилар ўртасидаги можарони тугатиш (кейинчалик маълум бўлишича, музлатиш) бўйича музокаралар пайтидаёқ пайдо бўлган.
Минскда россияликлар ва украиналиклар ўртасидаги учрашувларга бош-қош бўлган швейцариялик дипломат Тони Фриш улар номларни украинча ва русча ёзишдан тортиб, ким кимга ўқ узганигача – деярли ҳамма нарса ҳақида баҳслашган. Тушлик пайтида ёки барда томонларни яқинлаштиришга уринишлар ҳеч қандай натижа бермаган. Украинадаги россияпараст партия раҳбари ва музокараларда Украина вакили сифатида қатнашган Виктор Медведчук Москвага «номи беш ҳарфдан иборат бўлган одам» – Владимир Путиннинг олдига бориб келиш учун бир неча бор учрашувларни тўхтатган.
2014 йил охиридан бошлаб Киев ва Донбассдаги «халқ республикалари» (аслида уларнинг ортида Россия турган) ўртасида кичик асирлар алмашуви бошланади. Баҳслар ҳар бир асирнинг «қадр-қиммати» ҳақида борарди. Фриш Қизил Хоч вакиллари билан асирликдаги украинлар қийноқлар ҳақида гапирган қамоқхоналарга борган. 125 та учрашувда 600 га яқин кишини алмашишга муваффақ бўлинган ва дипломат бу жараённи Марокаш бозоридаги савдога таққослаган.
2022 йил бошида Россия қўшинлари чегара яқинида тўпланиши фонида учрашувлар тўсатдан тўхтайди. 22 феврал куни Путин дипломатларни чақириб олди ва «Минск жараёни» тугаганини эълон қилди. Икки кундан кейин Россия армияси Украинага расман бостириб кирди.
Март ойи охирларида Украина ҳарбий разведкси бошлиғи ўринбосари Дмитрий Усов асирлар ва қурбонларнинг жасадларини алмашиш учун Россия томони билан алоқани йўлга қўйиш бўйича топшириқ олади. Олдинги алоқа линиялари узилган, томонлар ўртасида ўзаро ишонч қолмаганди.










