Иқтисодиёт | 11:52 / 16.08.2025
6054
3 дақиқада ўқилади

“Махсустранс” аҳволи жуда ёмон – корхона 45 млрд сўм зарарда” – Тошкент шаҳар ҳокими

“Махсустранс”нинг молиявий аҳволи ёмонлиги боис маҳаллаларда бир-икки кунлаб чиқинди қолиб кетган, урналар етарли эмас”, – деди Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов. Унинг таъкидлашича, расмийлар бу муаммоларни рақамлаштириш орқали ечишни бошлаган. Ҳокимга кўра, энг катта муаммо – қурилиш чиқиндилари. Президент уларни қайта ишлаш заводини ишга тушириш борасида топшириқ берган.

Фото: Kun.uz

14 август куни президент Шавкат Мирзиёев чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича тақдимот билан танишди.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовга кўра, “Махсустранс”нинг молиявий аҳволи жуда ёмон – корхона 2022-2023 йилларда 45 млрд сўм зарар билан чиққан. У бу ҳақда Ўзбекистон-24 телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

“Шу туфайли маҳаллаларда бир-икки кунлаб чиқинди қолиб кетаркан. Умуман, чиқинди соладиган урналар етарли эмас экан. Бунинг ечими – рақамлаштириш. Ҳаммасини рақамлаштирдик. Тест режимида Олмазор туманидан бошладик, 1 сентябрдан шаҳар бўйича ҳаммасини жорий қиламиз. Бунинг оқибатида 3 млрд сўмлик ёқилғи тежалади. Яна техникалар олдик, ҳайдовчиларнинг ойлигини 4 млн сўмдан 8 млн сўмгача кўтардик. Қарийб 30 фоизга яқин чиқиндини олиб чиқиб кетиш имконияти пайдо бўлди. Техникалар тўғри бошқарувини йўлга қўйганимиз учун тунги сменалар ҳам жорий қилинди”, - деди шаҳар ҳокими.

Унинг таъкидлашича, чиқинди машиналарининг кўчага чиқиб йиғиб кетиш вақти ўзгартирилган – машиналар эрталаб одамлар ишга чиқиб кетгунча чиқиндини йиғиб кетади, бу техникалар тирбандликда қолиб кетмай қатнов ошишига ёрдам беряпти.

Шавкат Умрзоқов “Махсустранс”нинг молиявий аҳволи яхшиланганидан кейин 4800 та чиқинди йиғиш шохобчаси ишга тушишини қўшимча қилди. Шунингдек, ҳоким қурилиш чиқиндилари энг катта муаммо эканини таъкидлади.

“Тошкентда кунига 5-6 минг тоннага яқин қурилиш материаллари чиқиндиси чиқади. Унинг полигони шаҳардан узоқда, шу сабабли ҳозир қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш заводини ташкил қилиш бўйича президентимиз топшириқ бердилар. Қурилиш материалларидан иккиламчи тахта ва темир материаллари чиқади”, - деди у.

Аввалроқ, президент ҳузуридаги тақдимотда маҳаллада чиқинди техникасининг келиш вақтини онлайн кўриш имкониятини яратиш борасида топшириқ берилгани маълум қилинганди.

Бундан ташқари, ижтимоий муассасалар ва маҳаллаларни чиқинди контейнерлари билан тўлиқ таъминлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилиши белгиланган.

 

Мавзуга оид