Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди.
“Бугун шуни фахр билан айта оламизки, юртимизда яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган ҳар бир корхона, халқимиз оғирини енгил қилаётган ҳар бир хизмат, экспорт бўлаётган ҳар бир маҳсулот – сизнинг жасорат билан қилаётган меҳнатингиз, ташаббус ва изланишингиз маҳсулидир”, – деди давлат раҳбари сўзининг аввалида.
Бугунги тадбир шунчаки анжуман эмас, давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган жонли ва самимий мулоқот майдони экани таъкидланди.
“Ҳар бир соҳа, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла – фақат тадбиркор ҳаракат қилганида, уларга қулоқ тутиб, ишонч билдирилганида ривожланади, обод бўлади.
Шу боис, бугун сизларни эшитамиз. Сизнинг овозингиз орқали ҳал қилинадиган масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, уларга аниқ ечимлар ҳақида келишиб оламиз”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ўтган 8 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 230 млрд доллар инвестиция кириб келди, шундан 120 миллиарддан ортиғи – хорижий сармоя.
“Бир қарашда айтишга осон ушбу рақамни олдинлари ҳисоб-китоб қилиш тугул, тасаввур қилиб ҳам бўлмасди. Лекин биз буни уддаладик”, – деди президент.
Турли низо ва зиддиятлар туфайли жаҳон иқтисодиёти ғоят мураккаб даврни бошидан ўтказаётган бир вақтда прагматик ва проактив сиёсат туфайли биринчи ярим йилликда ЯИМ 7,2 фоизга ўсгани таъкидланди.
1600 та микро корхона бир йил ичида айланмасини 10 миллиард сўмдан ошириб, бирданига ўрта корхонага, 143 таси эса 100 миллиард сўмдан ошириб, йирик корхонага айланди. Яна 122 та кичик корхона йирик бизнес сафига қўшилди.
Ўтган йили айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 203 та корхона бор эди. Бу йилнинг ўтган олти ойида уларга қўшимча яна 47 та корхона 400-500 миллиард сўмлик маррани забт этди.
Бизнесни соядан чиқариш бўйича янги механизмлар кўпайтирилгани ҳисобига 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайди, 273 мингта корхона иш ҳақи фондини 22 фоизга ёки 4,6 триллион сўмга оширди.















