Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида Malibu пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 8 нафар пиёдага йўл бермай, уларни уриб кетишига бир бахя қолгани акс этган видео тарқалди.
Ҳолат ҳудуддаги кузатув камерасига тушиб қолган. Унда автомобиллар пиёдаларни ўтказиш учун тўхтаб тургани, пиёдалар йўлни белгиланган пиёдалар ўтиш жойидан деярли кесиб ўтиб бўлаётган вақтда қора рангли Malibu тўхтамай ўтгани кўриш мумкин. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.
Самарқанд ИИБ маълумотига кўра, воқеа 8 сентябр куни соат 22:20 лар атрофида шаҳарнинг Мирзо Улуғбек кўчасида содир бўлган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан олиб борилган суриштирувлар натижасида автомобил ва унинг ҳайдовчиси топилган.
Ҳайдовчи воқеага изоҳ бериб, ўша пайтда шошилиб келгани ва тормози ишламагани сабабли биринчи тасмадан учинчи тасмага ўтиб кетганини айтган.
«Худо бир асради. Фуқаролардан, ўша пиёдалардан, ЙПХ ходимларидан минг бор узр сўрайман. Бунақа ҳолат бошқа такрорланмайди. Қилган ишимга пушаймонман», – дейди ҳайдовчи
Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−10-моддаси биринчи қисмига (Йўл безорилиги) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳозирда у билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Йиғилган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳри судига юборилиши маълум қилинди.
Ушбу модда билан айбдор деб топилганлар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан икки йилгача муддатга маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари (11 млн сўм) миқдорида жаримага тортилиши мумкин.














