Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий, ўрта махсус ва касбий таълим йўналишлари бўйича ўқув-услубий бирлашмалар фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Кенгашда 2025/2026 ўқув йили учун илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган 5 та олий таълим муассасасининг 18 та бакалавриат ва 14 та магистратура мутахассислигининг “таълим дастурлари”, яъни малака талаби, фан каталоги ва ўқув дастурини (силлабус) ўзида жамлаган ўқув-услубий ҳужжатлар комплекси муҳокама қилинди ва янги ўқув йилидан синов тариқасида жорий этилиши белгиланди.
Таълим дастурлари халқаро таълим стандартларига интеграцияни кучайтириб, кредит-модул тизими орқали талабаларни хорижда таълим олиш ва тажриба алмашиш имкониятини кенгайтириш, талаба-ёшларнинг таълим мақсадларини аниқ белгилаш орқали фанни чуқур ўзлаштириш, касбий малакани узвий ривожлантириш ҳамда илмий изланишларга кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.
Шунингдек, кенгашда янги очилган 26 бакалавриат таълим йўналиши ва 107 та магистратура мутахассисликларининг малака талаблари ҳамда фанлар каталоглари таълим соҳалари бўйича кадрлари буюртмачилари талаблари ҳамда меҳнат бозорининг энг сўнгги ютуқлари асосида такомиллаштирилганлиги қайд этилиб, 2025/2026 ўқув йилидан жорий этилиши белгиланди.






