Жаҳон | 07:45 / 29.08.2025
3967
2 дақиқада ўқилади

FT: Урушдан кейин АҚШ Киевни ҳаво мудофааси ва разведка соҳасида қўллаб-қувватлайди

Европа давлатларининг ҳарбий раҳбарлари ва хавфсизлик амалдорлари билан учрашувлар чоғида АҚШ вакиллари Украинага қўшин киритмасдан разведка ва ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасида ёрдам беришни таклиф қилди.

Фото: Jens Büttner/dpa/picture alliance

Уруш тугаганидан кейин Украина учун ғарб хавфсизлик кафолатларини таъминлашга қўшган ҳиссаси сифатида Қўшма Штатлар мамлакатга Америка қўшинларини юбормасдан разведка ва ҳаво мудофааси соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Financial Times газетаси номи ошкор этилмаган Европа ва Украина расмийларига таяниб хабар берди.

Ўтган ҳафта АҚШ президенти Доналд Трамп Европа етакчиларига унинг мамлакати Украина учун хавфсизлик кафолатларини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга ёрдам беришга тайёрлигини айтди. Ўшандан бери АҚШнинг юқори мартабали расмийлари европалик ҳамкорлар билан бўлган кўплаб суҳбатларида Вашингтон «стратегик имкониятлар»ни, жумладан, Европа бошчилигидаги ҳар қандай кучларни ерга жойлаштириш учун кузатув ва разведка, қўмондонлик ва ҳаво ҳужумидан мудофаа имкониятларини тақдим этишга тайёрлигини таъкидлади, деди мунозаралардан хабардор тўрт манба.

Айни пайтда, Европа расмийлари шахсий суҳбатларда Украинага ҳар қандай ҳарбий кучларни жойлаштириш фақат АҚШ кўмагида амалга оширилиши мумкинлигини тан олди, деб ёзади нашр. Вашингтон аллақачон Киевни Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаб келмоқда, бироқ урушдан кейин Украинага кўмак АҚШ самолётлари, логистика ва ерусти радар тизимларини ўз ичига олади, бу эса Европа кучларига осмонни ёпиш ва Украина учун ҳаво қалқони яратишга ёрдам беради, дея ўз суҳбатдошларидан иқтибос келтирмоқда журналистлар.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид