«Исроил ҳукуматининг Ғазодаги ҳарбий операциясини янада кенгайтириш қарори – хато. Шу сабабли биз Исроил делегацияси DSEI UK 2025 кўргазмасига таклиф этилмаслигини тасдиқлаймиз. Бу уруш дарҳол тугаши учун дипломатик ечим бўлиши шарт – зудлик билан сулҳ, гаровдагиларни қайтариш ва Ғазо халқига ҳуманитар ёрдам оқимини ошириш», дея ҳукумат вакилининг сўзларини келтирмоқда CNN нашри.
Исроил илгари Мудофаа ва Хавфсизлик ускуналари халқаро кўргазмасида (Defence & Security Equipment International show) муҳим иштирокчи бўлган. Ушбу тўрт кунлик конференция ҳар икки йилда бир маротаба Британия пойтахтида ўтказилади ва унда ҳукуматлар, армиялар ҳамда қурол саноати вакиллари қатнашади.
Исроил мудофаа вазирлиги эса Британия ҳукуматининг қарорини кескин танқид қилди: «Бу чекловлар Исроил вакилларига нисбатан атайлаб қилинган ва афсусланарли камситиш ҳаракати ҳисобланади». Шунингдек, у Исроил кўргазмадан бутунлай чиқиб кетишини тасдиқлади.
Британия Мудофаа вазирлигининг тасдиқлашича, ҳукумат вакиллари четлаштирилган бўлса-да, бу тақиқ Исроилнинг хусусий қурол-яроғ компанияларига тегишли эмас. Хусусан, Elbit Systems, Rafael, IAI ва Uvision каби Исроил мудофаа компаниялари кўргазмада қатнаша олади.
Исроилни қурол-яроғ кўргазмасидан чиқариш – Британия ҳукуматининг сўнгги ойлар ичида бош вазир Бенямин Нетаняҳуга босим ўтказиш мақсадида амалга оширган навбатдаги қадам. Мақсад – Ғазодаги урушни тўхтатиш ва Ҳамас билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш.
Фаластинни тан олиш масаласи
Шу билан бирга Франция ва Канада етакчилари қаторида Буюк Британия бош вазири Кеир Стармер ҳам сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Фаластин давлатини тан олишга тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу саммит 9 сентябрь куни Лондондаги қурол кўргазмаси билан бир кунда очилади ва ой охиригача давом этади.










