Август ойи якунлари бўйича Ўзбекистонда йиллик инфляция 8,8 фоизга баҳоланди. Статистика агентлигига кўра, ўтган ойда истеъмол нархлари ўртача 0,4 фоизга ошган.
Мева-сабзавот нархларидаги ўзгаришларни инобатга олмаганда, йиллик инфляция 9,4 фоизни ташкил этмоқда.
Августда озиқ-овқат маҳсулотлари 0,6% (йиллик 6,7%)га, ноозиқ-овқат товарлар 0,3% (6,6%)га, хизматлар ҳам 0,3% (16,2%)га қимматлашди.

Озиқ-овқатлар
Август ойида тухум 2,7 фоизга қимматлашди (йиллик нисбатда –6,6 фоизга арзонлашган). Гўшт маҳсулотларидан товуқ болдири ва сон қисмлари 2,1% (йиллик 5,8%), қўй гўшти 1,4% (28,5%), суяксиз мол гўшти 0,7% (25,7%), суякли мол гўшти 0,2% (24,9%)га қимматлашди.
“Республика бозорларида мол гўштининг арзонлаштирилган нархларда (1 кг учун 65 000-75 000 сўм оралиғида) фаол сотилиши ўртача нархлар даражасига таъсир кўрсатди ва гўшт нархининг индекси кескин ошиб кетмаслигига сабаб бўлди”, – дейилади Статистика агентлиги изоҳида.
Август ойида нархи тушган асосий озиқ-овқатлар қуйидагилар: гуруч –0,1% (йиллик –17,2%), сули ёрмаси 0,2% (3,6%), олий навли буғдой унидан тайёрланган нон 0,2% (2,1%), карамел конфетлар 0,2% (3,4%) ва угра 0,4% (3,5%) арзонлашди.
Мева-сабзавотлар
Мева-сабзавот орасидан энг сезиларли ўзгариш 28,7 фоизга (йиллик 9,9%) қимматлашган тарвузда кузатилди. Қовун 11,7% (3,7%)га, карам 11,4% (46,5%)га, картошка 3,5% (32,0%)га, банан нархлари 2,8% (-7,0%)га ошди.
Нархи энг кўп арзонлашган маҳсулот эса момидор бўлди: 16,8% (-34,7%). Шунингдек, ой давомида узум 5,4% (-39,5%)га, бақлажон 4,3% (-12,4%)га, бодринг 3,1% (-15,3%)га, сабзи 3,1% (69,1%)га, булғор қалампири 2,8% (-16,0%)га, пиёз 2,3% (40,1%)га, олма нархлари 1,0% (-16,6%)га тушиши кузатилди.
Чиқинди, коммунал ва таъмирлаш
2025 йил август ойидан бошлаб, Бухоро вилоятида маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва Хоразм вилоятида кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш хизматлари тарифлари ошди. Кўрсатилган хизматларнинг ойлик истеъмол индекси республика бўйича мос равишда 103,0% ва 100,3% ни ташкил этди.








