ШҲТнинг йиллик саммити – президент Трампнинг савдо сиёсати ва тарифлари дунёни безовта қилаётган бир шароитда Тянсзинда ташкилот аъзолари ўртасида яқинроқ алоқалар бўлиши сигналлари билан якунланди. Хитой раиси энди Пекин глобал бошқарувни қўлга олишига шама қилди, АҚШ сиёсатидан нолиди.
20 дан ортиқ давлатларнинг раҳбарлари саммитда жамланаркан, Ғарбдан бу мулоқотда ҳеч ким йўқ эди.
Икки кунлик тадбир Пекиннинг АҚШга қийинчилик туғдирувчи янги глобал хавфсизлик ва иқтисодий тартибни ўрнатишга интилишини намойиш қилиш сифатида кўрилди. Айниқда, Хитой раиси Си Сзинпиннинг чиқишида Доналд Трампнинг тариф кампаниясига қарши кайфият яққол сезилиб турарди.
“Биз глобал бошқарув тизимини ислоҳ қилишимиз ва такомиллаштиришимиз керакки, барча мамлакатлар одамлари глобал бошқарувда иштирок этсин, унинг самарасини ҳис этсин, инсоният жамияти олдида турган умумий муаммоларга яхшироқ жавоб берсин, шимол ва жануб ўртасидаги тараққиёт тафовутини яхшироқ бартараф этсин ва дунёдаги барча давлатларнинг умумий манфаатларини яхшироқ ҳимоя қилсин”.
Хитой раиси шунингдек, совуқ уруш менталитети ва зўравонлик ҳалиям йўқолмай, муаммоларни кўпайтираётганини қўшимча қилди.
У дунёда адолатлироқ ва мувозанатли халқаро бошқарув тизимини яратиш учун бирлашишга чақирди, бунинг билан Си Сзинпин Ғарб демократияси ва глобал гегемонлиги ўхшамади, энди навбат Хитойга, масъулиятни биз бўйнимизга оламиз, демоқчи бўлди.
Саммитда эътиборга олиш керак бўлган жиҳатлар талайгина: биринчиси, Хитой ва Ҳиндистон. Нарендра Моди 7 йилдан кейин биринчи марта Хитойга борди. Вашингтон-Деҳли муносабатларидаги турғунлик онида Хитой Ҳиндистонга рақиблик эмас, балки ҳамкорликни таклиф қилмоқда.
Дунёнинг энг кўп аҳолисига эга икки давлат қарийб 3 млрд одами билан ўзаро яхши диалогдан умидвор. Моди ва Сзинпин анча йиллик чегара муаммоларини тез ечиш тарафдори бўлиб турибди. Икки давлатни умумий душман бирлаштирмоқда, бу – Доналд Трамп. Чунки Хитой ва Ҳиндистон Трамп савдо сиёсати ўлароқ зарар кўраётган икки катта ҳамкор.
Осиё жамияти сиёсати институти вице-президенти Венди Катлерга кўра, Трампнинг юқори тарифлари ҳамда савдо уруши икки рақибни ширин сўзлашга мажбур қилмоқда. Моди ва Си барча дипломатик сўзларини янги мажбурияти учун гапирди, дейди Катлер.
Иккинчи катта жиҳати – Хитой, Ҳиндистон, Россия бирлиги. АҚШ Россия-Украина уруши воситачилигидан чиқишни муҳокама қилаётган бир пайтда уруш бошлаган Путиннинг қўлини Моди ва Сзинпинлар кула-кула маҳкам ушлашди.






